Еврокомиссия раҳбари Киевга келди
Украина Евроиттифоқга кириш учун “ижобий сигнал” кутмоқда.

Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляен Киевга етиб келди.
У Украина парламентида сўзга чиқиши кутилмоқда.
Киев Европа Иттифоқи раҳбаридан Украинанинг ЕИга қўшилиши бўйича музокаралар бошланиши ҳақида “ижобий сигнал” олишини кутмоқда.
Шу билан бирга, «Страна» нашри Украина ҳукуматидаги манбасига таяниб, сафар давомида мамлакатнинг ЕИга кириши бўйича музокаралар бошланиши ҳақида ҳеч қандай баёнот берилмаслигини маълум қилди. Нашр манбасига кўра, Украинанинг ЕИга қўшилиши бўйича музокаралар ҳақида гапиришга ҳали эрта – биринчи навбатда тавсиялар бажарилишига ижобий баҳо берилиши керак.
2022 йилнинг 28 февралида Украина Президенти Владимир Зеленский мамлакатнинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиш тўғрисидаги аризасини имзолади. Ўша йилнинг 23 июнида Брюсселда бўлиб ўтган саммитда ЕИ давлат ва ҳукумат раҳбарлари Украина ва Молдовага ҳамжамият аъзолигига номзод мақоми берилишини маъқуллаган эди. Тегишли музокаралар жараёнини бошлаш учун давлатлар қатор шартларни, жумладан, ислоҳотларни бажариши керак.







