Истанбулда 40 кунга етадиган сув қолди
Экспертлар вазиятни кескин деб атамоқда.

Истанбул сув ҳавзаларида захиралар меъёрнинг 17,31 фоизигача камайди. Бу ҳақда маҳаллий ҳокимлик сув хўжалиги бошқармаси хабар берди.
Туркия метрополидаги сув омборлари учун норма 868,7 миллион куб метр сувни ташкил қилади. Аввалроқ «Миллиет» газетаси Истанбулдаги омборхоналарда 40 кунлик сув қолгани ҳақида хабар берган эди. Экспертлар вазиятни кескин деб атамоқда.
Шаҳар мери Экрем Имомоғлу аҳолини сувни тежашга чақирди. Истанбул аҳолиси кунига 3 миллион куб метрдан ортиқ сув истеъмол қилади.
Сентябрь ойи охирида Истанбулдаги сув захиралари 22,99 фоизга камайгани хабар қилинганди. Бу 2014 йилдан бери энг паст кўрсаткичдир. Август ойида шаҳар расмийлари аҳолини машиналарини ювмасликка ва маиший эҳтиёжлар учун камроқ сув ишлатишга чақирган. 20 августдан бошлаб боғ ва майсазорларни суғориш учун сув бериш вақтинча тўхтатилган.







