БМТ Ғазода зудлик билан сулҳ тузишга чақирди
Исроил ТИВ Антониу Гутерришни қоралади.

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш “бутун инсоният номидан” Ғазо секторида зудлик билан сулҳ тузишга чақирди.
БМТ анклав касалхоналаридаги вазиятдан хавотирда ва ўт очишни тўхтатиш зарур деб ҳисоблайди.
"Кеча Мисрдан озиқ-овқат, дори-дармон, тиббий буюмлар, шиша сув, адёл, чодир ва гигиена воситалари олиб кетилган 115 юк машинаси Ғазо секторига кириб келди. Шу тариқа, 21-октябрдан буён анклавга кирган юк машиналари сони 1000 дан ошди. Ғазо секторида асосий эҳтиёжлар – озиқ-овқат, сув ва ёқилғи тақчиллиги кескин сезилмоқда", дейилади ташкилот баёноти.
Аввалроқ Исроил ташқи ишлар вазири Антониу Гутерриш глобал ташкилотни бошқаришга лойиқ эмаслигини, гўёки у ҲАМАС гуруҳининг ҳаракатларини етарлича қораламаганини айтганди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг жавобида айтилишича, Бош котиб халқаро гуманитар ҳуқуқ ва Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясига асосланган ишини давом эттирмоқда.







