Байден ва Си Цзиньпин ёпиқ эшиклар ортида нималарни муҳокама қилди?
АҚШ ва Хитой раҳбарлари Байденнинг Калифорниядаги уй музейида учрашди.

АҚШ президенти Жо Байден ва Хитой раҳбари Си Цзиньпин Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги (Asia-Pacific Economic Cooperation, APEC) йиллик саммити доирасида ёпиқ эшиклар ортида музокара ўтказди.
Жо Байден Си Цзиньпинни Калифорния штатидаги Вудсайд шаҳрида жойлашган "Filoli Estate" уй-музейида кутиб олди. Америка президенти ҳамкасбини шахсан ўзи кутиб олди.
Очилиш нутқида Жо Байден Си Цзиньпинга АҚШга ташрифи учун миннатдорчилик билдирди ва Хитой раҳбари билан Балидаги сўнгги учрашуви ҳақида гапирди.


Америка президенти, шунингдек, етакчилар рақобат можарога айланиб қолмаслик учун ҳаракат қилишлари кераклигини таъкидлади.
“Мен суҳбатимизни қадрлайман, чунки сиз ва мен бир-биримизни етакчи сифатида яхшироқ тушунишимиз керак, деб ўйлайман. Шу билан бирга, хатоларга йўл қўймаслигимиз керак”, — деди Жо Байден.
Оқ уй раҳбарининг таъкидлашича, лидерлар ўз жамоалари олдида биргаликда ишлаш, жумладан, иқлим ўзгариши, гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашиш ва сунъий интеллект ёндашувлари бўйича ҳамкорлик қилишлари керак.


Си Цзиньпин бир йил аввал Балида АҚШ президенти Жо Байден билан охирги марта учрашганини ва ўшандан бери дунё ўзгарганини таъкидлади.
"Дунё COVID-19 пандемиясидан қутулди, бироқ ҳали ҳам унинг катта таъсири остида. Жаҳон иқтисодиёти тикланмоқда, бироқ унинг динамикаси сустлигича қолмоқда", — деди Си Цзиньпин.
Хитой раҳбари саммит давомида дунёнинг турли муаммолари юзасидан фикр алмашишга умид билдирди.







