Эквадор собиқ президенти коррупцияда айбланмоқда
Бу ҳақда мамлакат парламентининг Х ижтимоий тармоғи хабар берилди.

Эквадор парламенти пайшанба куни собиқ президент Гильермо Лассони давлат маблағларини ўғирлашда айбдор деб топди ва маълумотларни прокурорларга топширди.
“116 овоз олгандан сўнг Миллий ассамблея Гильермо Лассони сиёсий жавобгарликка тортишга қарор қилди ва тегишли терговни бошлаш учун сиёсий жараённинг барча ҳужжатларини прокуратура ҳамда назорат органига юборди”, — дейилади парламентнинг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.
Қонун чиқарувчилар Лассони давлатга қарашли FLOPEC нефть танкер компаниясидаги коррупция схемасига алоқадор деб ҳисоблашади.
17-май куни ваколат муддати 2025-йилда тугаши керак бўлган Лассо Миллий ассамблеяни тарқатиб юбориш, янги президентлик ва парламент сайловларини ўтказиш тўғрисидаги фармонни имзолади. 17-ноябрь куни янги қонун чиқарувчи орган иш бошлади, у собиқ президентнинг айби масаласини кўриб чиқишни давом эттиришга қарор қилди. 23-ноябрь куни 15-октябрьдаги иккинчи тур якунларига кўра сайланган Даниэль Нобоа президент лавозимини эгаллади. Эквадорда навбатдаги парламент ва президентлик сайловлари 2025-йилда бўлиб ўтиши керак.







