Жаҳон банки Ўзбекистонга 800 млн доллар ажратди
У ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.

Жаҳон банки Ўзбекистонда ривожланиш сиёсатини қўллаб-қувватлаш бўйича операцияни маъқуллади. Операция доирасида банк ҳукуматга махсус имтиёзли шартлар асосида 800 миллион АҚШ доллари миқдорида кредитлар шаклида молиявий ёрдам беради.
Ушбу турдаги операция Жаҳон банкининг дунёнинг турли мамлакатларида ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган махсус молиявий воситаси ҳисобланади. Операция доирасида мамлакат ҳукуматига ижтимоий, иқтисодий ва иқлим ўзгариши соҳаларидаги ислоҳотларнинг янги босқичини амалга ошириш учун молиявий ёрдам кўрсатилади.
Мазкур ислоҳотлардан кўзланган мақсад мамлакатнинг бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнини жадаллаштириш, фуқароларга тенг иқтисодий имкониятларни таъминлаш ва миллий иқтисодиётнинг барқарор ўсиши учун мустаҳкам замин яратишдан иборат.







