Бош вазирга бир қанча ҳокимларнинг лавозимига лойиқлигини ҳал қилиш топширилди
Иқтисодий комплекс раҳбариятига эса йил якунига қадар 70 та, келаси йили барча туманларнинг мастер режаларини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.

Бюджет тушуми учун энг катта захира – ерларни тадбиркорларга аукцион орқали сотиш. Ўтган йили бундан 1 триллион сўм тушум бўлган, 12 мингта янги лойиҳалар қўшилган. Лекин, жойлардаги сусткашлик боис, ўтган йили 3 триллион сўм қўшимча тушум бой берилган.
Бош вазирга йил давомида аукционга умуман ер чиқармаган Балиқчи, Жалалқудуқ, Бектемир, Миробод, Олмазор, Чилонзор, Юнусобод, Яккасарой туманлари ҳокимларининг лавозимига лойиқлигини ҳал қилиш топширилди.
Давактив агентлиги ерларни аукционда сотиш бўйича 4 триллион сўмлик режани туманбай ишлаб чиқиши ва ижросини таъминлаши белгиланди. Туманнинг мастер режаси бўлса, бу жуда катта маблағ, тадбиркорлар ва бандлик учун манба бўлади. Лекин, ҳозиргача бор-йўғи 17 та кичик аҳоли пунктининг мастер режаси тайёрланди.
Иқтисодий комплекс раҳбариятига йил якунига қадар 70 та, келаси йили барча туманларнинг мастер режаларини ишлаб чиқишга топшириқ берилди.







