Зеленский Давос форумида қатнашиш учун Швейцарияга борди
Бу ҳақда Украина президенти Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ёзди.

"Мен Швейцарияга амалий ташриф билан келдим. Мамлакат раҳбарлари билан учрашаман, Давос форумида қатнашаман. Бернда парламентнинг иккала палатаси раҳбарлари, партиялар ва фракциялар раҳбарлари ҳамда президент хоним Виола Амҳерд билан музокаралар ўтказаман", — деб ёзди Украина президенти Владимир Зеленский Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.

"Шунингдек, мен ўғирланган болаларни қайтариш, музлатилган Россия активларидан фойдаланиш механизмларини излаш, санкциялар, гуманитар миналардан тозалаш бўйича ҳамкорлик, Украинани молиявий қўллаб-қувватлаш ва тиклаш ҳақида мулоқот қиламан", — дея қўшимча қилди у.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, у Давосда Европа Иттифоқи ва НАТО вакиллари билан "Евроатлантика интеграцияси динамикасини қўллаб-қувватлаш", шунингдек, давлат раҳбарлари ва йирик бизнес вакиллари билан мудофаа ва иқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш мақсадида учрашувлар ўтказишни режалаштирган.








