Ўзбекистон Коррупцияни қабул қилиш индексида 5 поғонага юқорилади
Унда 180 та давлат иштирок этди.

Тransparency International халқаро нодавлат ташкилоти томонидан Коррупцияни қабул қилиш индексининг 2023 йил натижалари эълон қилинди.
Унда 180 та давлат орасида Ўзбекистон 33 балл билан 121-ўринни эгаллади. Мамлакат балларини иккитага ошириб, рейтингдаги ўрнини 5 поғонага яхшилашга эришди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги матбуот котибининг қайд этишича, Ўзбекистон мазкур индексда сўнгги 7 йил давомида ўсиш суръатларини қайд этаётган (2017 йилда 22 балдан 2023 йилда 33 баллгача) давлат сифатида эътироф этилган.
Бу борадаги ижобий ўзгаришлар сифатида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгилаб берилган вазифаларни амалга оширишга қаратилган турли аксилкоррупциявий тартиб-таомилларнинг ишлаб чиқилгани, вазирлик ва идораларда коррупсияга қарши ички назорат тизимлари самарали жорий этилгани қайд этилган.
Шунингдек, коррупциявий жиноятлар содир этган мансабдор шахсларга нисбатан қатъий жавобгарлик чоралари қўлланилгани ҳам алоҳида таъкидланган.
Марказий Осиё давлатларидан
Қозоғистон 93-ўринда (3 поғона юқорилаган),
Қирғизистон 141-ўринда (1 поғона пастлаган),
Тожикистон 162-ўринда (4 поғона пастлаган),
Афғонистон 162-ўринда (4 поғона пастлаган),
Туркманистон 170-ўринда (1 поғона пастлаган) қайд этилган.







