ДХХ раиси Абдусалом Азизов Толибон Мудофаа вазири Муҳаммад Ёқуб билан учрашди
Томонлар чегара, икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш, Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий ва транзит ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда бошқа масалаларни муҳокама қилган.

Давлат хавфсизлик хизмати раиси Абдусалом Азизов Афғонистонга ташрифи доирасида ушбу мамлакат мудофаа вазири вазифасини бажарувчи Муҳаммад Ёқуб билан учрашди. Бу ҳақда Афғонистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Томонлар «чегара масалалари, икки томонлама ва иқтисодий муносабатларни мустаҳкамлаш, транспорт соҳасида ҳамкорлик» масалаларини муҳокама қилди.
"Ўтган йил давомида биз мамлакат чегараларини мустаҳкамладик ва уларни янада мустаҳкамлаш тарафдоримиз", — деди Муҳаммад Ёқуб.
Афғонистон Мудофаа вазирлиги раҳбари вазифасини бажарувчи Муҳаммад Ёқуб мамлакат мудофаа ва хавфсизлик кучлари барча соҳаларда ривожланиш лойиҳаларини амалга оширишда ҳар қандай ҳамкорлик ва кўмак кўрсатишга тайёр эканини таъкидлади.
Октябрь ойи охирида бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Афғонистонга ташриф буюрганди. Томонлар товар айирбошлаш ҳажмини йилига 3 млрд долларга етказмоқчи. "Толибон", шунингдек, Афғонистон юкларининг Ўзбекистон орқали транзити учун тўловларни камайтиришни сўраган.







