Носозликлар ҳам одатга айланди: метронинг "Амир Темур хиёбони" бекатида яна поезд тўхтаб қолди
“Тошкент метрополитени” доимгидек узр сўраш билан кифояланди.

Ижтимоий тармоқларда "Амир Темур хиёбони бекатида поезд ишламай қолди" мазмунидаги хабарлар тарқалди. Бу ҳақда "Тошкент метрополитени" ДУК маълумот берди.
Қайд этилишича, 2024 йилнинг 7 феврал куни соат 08:55 ларда Чилонзор йўналишининг "Ҳамид Олимжон — Амир Темур хиёбони" перегонида ҳаракатланаётган 10-сонли ҳаракат таркибида техник носозлик ҳолати кузатилган. Бунинг оқибатида, ушбу ҳаракат таркиби 3 дақиқа вақт давомида ҳаракатлана олмаган. Шу сабабли ортдан келаётган 4-сонли ҳаракат таркиби билан тиркамага олинган ҳолда ҳаракат таркиби текширув йўлаги томон юборилган.
"Ҳозирги вақтда йўналишда поездлар ҳаракати белгиланган жадвал асосида амалга оширилмоқда. Келтирилган ноқулайликлар юзасидан йўловчилардан узр сўраймиз", — дейилади муносабатда.
Бу метродаги носозликларнинг биринчиси эмас: 17 январь куни “Космонавтлар” метро бекатига кириб келган ҳаракат таркибининг вагон электр қисмида техник носозлик ҳолати кузатилиб, кичик ёнғин чиққанди.
15 январда “Дўстлик” бекатидан ҳаракатланаётган поезднинг 4-вагонидаги электр билан таъминловчи ҳимоя автоматида техник носозлик кузатилиб, вагоннинг асосий ёритиш чироқлари ўчиб қолганди.
7 январда эса “Юнус Ражабий” бекатидан ҳаракатланиши лозим бўлган поезд вагонларидан бири тутаб кетган.







