БМТ суди Исроилнинг Фаластин ҳудудидаги ҳаракатларини текширади
Судда 52 давлат вакиллари сўзга чиқиши кутилмоқда.

БМТ Халқаро суди 19 феврал, душанба куни Исроилнинг 1967 йилдан бери Фаластин ҳудудидаги ҳаракатларининг ҳуқуқий оқибатлари бўйича эшитувларни бошлайди. Судда 52 давлат вакиллари сўзга чиқиши кутилмоқда.
2022 йил декабрь ойида БМТ Бош ассамблеяси жаҳон ташкилотининг Халқаро судидан "Исроилнинг босиб олинган Фаластин ҳудуди, жумладан Шарқий Қуддусдаги сиёсати ва амалиётидан келиб чиқадиган" ҳуқуқий оқибатларни баҳолашни сўради. Гап бошқа нарсалар қаторида "Исроилнинг Фаластин халқининг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини доимий равишда бузиши" ҳақида кетмоқда, дея AFP агентлиги БМТ Бош ассамблеяси сўровидан парчаларни келтиради. Бундан ташқари, Ҳаага суди мавжуд вазият БМТ ва бошқа давлатлар учун қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақидаги саволга жавоб бериши кутилмоқда.
Халқаро суднинг маслаҳат хулосаси мажбурий эмас. Суд жараёни ҲАМАС ҳаракатининг ҳужумига жавобан Ғазо секторидаги ҳарбий амалиёти юзасидан Исроилга халқаро ҳуқуқий босим кучайган бир пайтда ўтказилмоқда.







