Тошкентда электробус йўловчилари билан ЙТҲга учради
Ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирилди.

Тошкент шаҳрининг Сергели туманида ичида йўловчилари бўлган электромобил йўл-транспорт ҳодисасига учради. Ҳолат юзасидан “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ расмий маълумот берди.
Ҳолат бугун, 19 февраль куни соат 12:30 ларда Сергели тумани Янги Сергели кўчасида юз берган. “Yutong” русумли электробус ҳайдовчиси қон босимининг ошганлиги сабабли бошқарувни йўқотиб, йўл четини ажратиб турувчи панжарага бориб урилган.
Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олганлар йўқ, электробус техник шикастланган. Автобус ҳайдовчиси шифохонага олиб кетилган.
Ҳозирда ушбу йўл-транспорт ҳодисаси Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходимлари томонидан расмийлаштирилиб, суриштирув ишлари олиб борилмоқда.







