Россия ёзда Украина мудофаасини ёриб ўтиши мумкин
Бу иттифоқчиларнинг ўқ-дорилар етказиб беришига боғлиқ.

Bloomberg нашрининг ёзишича, Украина Россия ёзгача мамлакат мудофаасини ёриб ўтишидан хавотирланмоқда.
Украина расмийлари, агар иттифоқчилар ўқ-дорилар етказиб беришни кўпайтирмаса, ёзгача Россия ҳужуми жиддий суръатга эга бўлишидан хавотирда.
Украина разведкаси Россия президенти Владимир Путин йирик шаҳарларни, жумладан, Киев ва Одессани қўлга киритишдек азалий мақсадидан қайтмаганини тахмин қилмоқда.
"Агар Россия қўшинлари Одессага етиб борса, улар Украинанинг Қора денгиз орқали ўтадиган муҳим дон экспорти йўлларини тўсиб қўйиши, шунингдек, Молдовага йўл очиши мумкин. Бу ерда тан олинмаган Днестрбўйи Республикаси чоршанба куни сиёсий ёрдам сўраб Москвага мурожаат қилган", — дейилади хабарда.
29 февраль куни Федерал мажлисга қилган мурожаати чоғида Путин 2022 йил февралида босқин бошланишида қўйилган мақсадларга ҳали ҳам эришишни режалаштираётганини яна бир бор таъкидлади, деб ёзди Bloomberg.







