Қозоғистондаги ЙТҲда 8 нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлди
Президент топшириғи билан жасадларни ҳарбий самолётда олиб келиш ва дафн этиш маросимларини ўтказиш бўйича Ҳукумат комиссияси тузилди.

3 апрел куни Самара-Чимкент трассасининг Қозоғистоннинг Ақтўбе области Маржонбулоқ қишлоғидан ўтган қисмида йўл-транспорт ҳодисаси юз берди. ЙТҲ Volvo юк машинаси ҳамда Ўзбекистон фуқароси бошқарувидаги Toyota-Аlhpard минивэни иштирокида рўй берган.
Ҳодиса оқибатида минивэн ҳайдовчиси ва ундаги етти нафар йўловчи воқеа жойида ҳалок бўлган. Қурбонларнинг барчаси Ўзбекистон фуқаролари экани айтилмоқда.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳаракат вақтида юк автомобилининг шинаси ёрилиб кетган, ҳайдовчи бошқарувни йўқотиб, қарама-қарши йўналишга чиқиб кетган ва минивэн билан тўқнашган.
ЙТҲ юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари бошланган. Тегишли экспертиза тайинланган.
Ўзбекистон Республикасининг Қозоғистондаги элчихонаси содир бўлган бахтсиз ҳодиса оқибатида вафот этган 8 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия билдирди.
Мазкур масала юзасидан Ўзбекистон Республикасининг Ақтау шаҳридаги Бош консулхонаси Қозоғистон Республикаиснинг тегишли ташкилотлари билан яқиндан ҳамкорликда ишламоқда. Ҳолат алоҳида назоратга олинган.







