Президент сирдарёлик отахонга "Treker" совға қилди
Сайхунобод туманидаги Турсунбой ота Ариповга президент совғаси топширилган.

Отахон 2011 йилда нафақага чиққач, томорқасида узумчилик билан шуғуллана бошлайди. Узоқ йиллар узум етиштириб, ток парваришининг ҳадисини олади. Ҳозир узумнинг ризамат, ҳусайни, келин бармоқ, шоҳонаки, кетмон соп каби навларини кўпайтирмоқда. Отахон янги "абатар" навини пайванд қилганини айтади.

"Президентимизнинг туманимизга ташрифи менинг ҳаётимда энг бахтли, эсда қоларли кун бўлди. Ташриф чоғида юртбошимиз менга “Treker” автомашинасини совға қилди. Кейин маҳалладаги узум етиштирувчиларга мураббийлик қилишимни айтди. Ишонсангиз, ҳалигача ҳаяжоним босилгани йўқ. Хушхабарнинг қўшқаноти бўлади, деганларидек, маҳалла- кўй, туманимиз, вилоятимиз, қолаверса, водийдаги қариндошлар, дўст-биродарларнинг табриклари оғушида яшаяпман. Фарғона водийсининг Олтиариқ туманидаги Узумчи маҳалласи сингари энди бизнинг маҳалла аҳолиси ҳам узумчилик билан шуғулланади. Ҳамқишлоқларимга бу борада қўлимдан келганича хизмат қиламан", — дейди Пахтакон маҳалласида яшовчи боғбон Турсунбой ота.








