Қашқадарёда 47 ёшли шифокор калтакланди
Бунга унинг беморни вафот этгани ҳақида айтган гапи сабаб бўлган.

Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида фуқаро фарзанди вафот этганини айтган шифокорни урди.
Маълумотларга кўра, 2 ёшли бола дивандан йиқилиб тушиб, Шаҳрисабз шаҳри болалар шифохонасига ётқизилган. Боланинг бош миясига қон қуйилгани сабабли реанимация бўлимига ўтказилиб, сунъий нафас аппаратига уланган.
Шифокорлар унинг аҳволи ҳақида ота-онасига ахборот бериб турган. 17 апрель куни аҳволи оғирлиги сабаб болада биологик ўлим кузатилган. Буни эшитган боланинг отаси эса шифокорни урган.
“Отасига айтганимдан кейин, отаси тўғридан-тўғри юзимга мушт билан урди. Хушимни йўқотдим, қолганини тўлиқ эслолмайман”, — дейди 47 ёшли жарроҳлик бўлими бошлиғи.
Шифокорга калламиянинг ёпиқ шикасти, бошмия чайқалиши, чап кўз қовоқлари юмшоқ тўқималарининг лат ейиши ташхиси қўйилган. У ҳозирда қўшма шикастланиш ва ўткир қон-томир касалликлари марказида даволанмоқда.
Калтакланган шифокор фарзандини йўқотган ота-онага ҳозир жуда қийин экани боис ҳолат бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилмаганини айтган.







