Тошкентда “Teach for Uzbekistan” ташкилотининг расмий тақдимоти бўлиб ўтди
Ушбу лойиҳа Ўзбекистон болаларининг барчасига сифатли таълим олиш имкониятини таъминлаш мақсадида йўлга қўйилмоқда.

21 апрель куни Ўзбекистон Тасвирий санъат галереясида “Teach for Uzbekistan” васийлик кенгаши аъзолари – Нозима Давлетова, Зафар Ҳошимов ва жамоа аъзолари иштирокида “Теач фор Узбекистан” ташкилотининг расмий тақдимот маросими бўлиб ўтди.
Нозима Давлетова таълим соҳасидаги ислоҳотларнинг долзарблиги, бундай ислоҳотлар натижалари узоқроқ вақт давомида кўриниши ва бунда жамият, ўқитувчилар ва давлат томонидан биргаликдаги саъй-ҳаракатларгина натижага олиб келиши мумкинлиги ҳақида, шунингдек, “Теач фор Узбекистан” лойиҳасининг ўқитувчилик касби мақомини ошириш ва мактаб таълимига илғор етакчиларни жалб қилиш орқали ўқувчилар ва мактабларга катта манфаат олиб келиши ҳақида гапирди.
Зафар Ҳошимов ўқитувчилик касби ва унинг жамиятдаги муҳим ўрни, ўқитувчилик тажрибасининг ёшларнинг келгуси иш фаолияти ва шахсий ривожланишдаги катта манфаатини ўз тажрибалари асосида сўзлаб берди.
Ташкилот таъсисчиси ва директори – Умида Йўлдошева ижтимоий лойиҳалардаги тажрибалари, ўқитувчиларнинг ёшларга кўрсатадиган ижобий таъсири, таълим ва айнан “Teach for Uzbekistan” лойиҳасининг долзарблиги, лойиҳа мазмуни ва қисқа муддат ичидаги натижалари ҳақида гапирди.
Маълумот учун, “Teach for Uzbekistan” – бу юқори малакали ўқитувчилар етишмовчилиги бор бўлган вилоят мактабларида ишлаш учун энг яхши маҳаллий ва хорижий ОТМлар битирувчилари ва ёш иқтидорли нопедагог мутахассисларни жалб қилишга қаратилган ноёб ташаббусдир. Ушбу лойиҳа янги авлод педагогларини илҳомлантириш ва уларни таълимни ривожлантиришга ҳисса қўшишга, шунингдек, Ўзбекистон болаларининг барчасига сифатли таълим олиш имкониятини таъминлашга ундаш учун йўлга қўйилди.







