Геосиёсий танглик валюта бозорини ўзгартирадими?
Долларнинг глобал мавқеи пасаймоқда.

Исроил ва Эрон ўртасидаги кескинлик жаҳон иқтисодиётига, хусусан, валюта бозорларига қандай таъсир кўрсатмоқда? Ушбу савол ҳозирда халқаро молиявий доираларда энг кўп муҳокама қилинаётган мавзулардан биридир.
Хабарларга кўра, зиддият кучайгани сари инвесторлар хавфсиз ва барқарор активларга интилмоқда. Бу эса долларнинг глобал захира валютаси сифатидаги мавқеини қайта муҳокамага олиб чиқмоқда. Евронинг имконияти эса муқобил валюта сифатида баҳоланмоқда.
Статистик маълумотларга кўра, 2024 йил охирида жаҳон валюта захираларининг 57,8 фоизи АҚШ долларида, 19,8 фоизи эса еврода сақланган. Бу долларнинг сўнгги ўн йилликда 10 фоизлик пасайишини англатади. Бироқ иқтисодчилар бу кўрсаткични долларнинг заифлашиши сифатида эмас, балки валюта захиралари диверсификацияси жараёнининг натижаси сифатида баҳоламоқда.
Иқтисодчи-депутат Вугар Байрамовнинг таъкидлашича, доллар глобал савдода ҳануз етакчи валюта бўлиб қолмоқда, стратегик маҳсулотлар ҳамон АҚШ валютасида баҳоланмоқда. Шу боис долларнинг етакчилик мавқеи ўзгаришга юз тутмаяпти.
Евро улушининг пасайиши эса, мутахассисларнинг фикрича, евроҳудудга яқин давлатлар сиёсатининг ўзгариши билан боғлиқ. Шу билан бирга, Япония иени, Британия фунти, Канада доллари ва Хитой юани каби валюталарнинг нисбий улуши ортиб бормоқда.
Халқаро иқтисодий таҳлилчи Холид Каримлининг фикрича, долларнинг пасайиши асосан икки омил билан боғлиқ: ривожланаётган давлатлар – Хитой, Ҳиндистон каби иқтисодларнинг кучайиши ва Ғарб давлатларининг ўз валютасидан санкция воситаси сифатида фойдаланиши. Бу бошқа давлатларни муқобил валюталарни жамғаришга ундамоқда.
Экспертлар фикрича, Исроил-Эрон можаро кучайган тақдирда, хавф омилининг ортиши долларни мустаҳкамлаши мумкин. Айниқса, АҚШ Европага нисбатан урушлардан нисбатан узоқроқ ва иқтисодий жиҳатдан бардошлироқ давлат сифатида кўрилмоқда.
Озарбайжонга келадиган бўлсак, иқтисодчилар ушбу глобал жараёнлар мамлакатга инфляция ва ресурслар нархи бўйича салбий таъсир кўрсатишини, бироқ давлат заҳираларининг диверсификацияси орқали бу хавфларни юмшатиш имконияти мавжудлигини таъкидламоқда.







