Хитой электр тармоқларини ўчириш учун қурол яратмоқда
Хитойнинг ушбу янги қуроли 10 минг кв. метрни чироқсиз қолдира олади.

Хитой Марказий телевидениесида эфирга узатилган анимацион видео мамлакат янги турдаги қурол устида ишлаётганини кўрсатди. Ушбу қурол электр станциялари ва узатиш тармоқларига зарба бериб, катта ҳудудларда тўлиқ электр узилишларига олиб келиши мумкин.
TASS манбасига таяниб, Oxu.Az хабар беришича, Хитойнинг аэрокосмик фан ва технологиялар давлат корпорацияси (CASC) бу қурол душманнинг бошқарув тизимларини ишдан чиқаришга қодир эканини билдирди. У камида 10 минг квадрат метр майдонда электр таъминотини издан чиқариши мумкин.
Қуролнинг аниқ тури ва номи ошкор қилинмаган. Бироқ, South China Morning Post (SCMP) нашри мутахассисларга таяниб, бу графит бомбаси ёки ракета бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Ушбу турдаги қурол электр тармоқларида қисқа туташувларни вужудга келтириб, тизимларни фалаж қилади.
Анимацияда қурол қуруқликдаги транспорт воситасидан учирилаётгани кўрсатилган. У ҳавога кўтарилгач, цилиндрсимон идишларни тарқатади ва бу идишлар ичидаги юпқа углерод толалари электр тармоқларини шикастлайди. Қуролнинг тахминий учиш масофаси 290 км, заряд оғирлиги эса 490 кг деб баҳоланмоқда.
SCMP'га кўра, ҳозирча Хитой Халқ Озодлик Армияси (PLA) бу каби тизимларга эга экани борасида расмий маълумотлар йўқ.







