Манчестерлик мусиқачилар қўзиқоринлардан пианино чалувчи “ижодкорлар” яратишди
Санъаткорлар бу лойиҳа орқали “санъат фақат инсон фаолияти” деган анъанавий тушунчани рад этмоқчи бўлишган.

Буюк Британиянинг Манчестер шаҳрида фаолият юритувчи Bionic and The Wires мусиқа гуруҳи ноодатий санъат лойиҳасига қўл урди — улар қўзиқоринларнинг электр импульсларини синтезатор товушларига айлантирувчи махсус тизимни яратишди. Бу ҳақда oxu.az нашри хабар берди.
Лойиҳанинг ғояси шуки, қўзиқоринларга ўрнатилган сенсорлар уларнинг табиий электр импульсларини қайд этади. Ушбу сигнал махсус ишлаб чиқилган механик “қўллар”га узатилади ва улар пианино ёки синтезатор клавишларига босим ўтказиб, мусиқий оҳанглар ҳосил қилади. Бу жараён қўзиқоринларнинг хатти-ҳаракатларидан мусиқий асар яратиш имконини беради.
Гуруҳ томонидан яратилган видеоролик ижтимоий тармоқларда кенг эътибор қозонди — уни 294 минг мартадан кўпроқ томоша қилишди. Видеода қўзиқоринлар “ўз дўстлари” учун синтезаторда мусиқий чиқиш қилаётгани тасвирланган.
Санъаткорлар бу лойиҳа орқали “санъат фақат инсон фаолияти” деган анъанавий тушунчани рад этмоқчи бўлишган. Нашрлар таъкидлашича, бу тажриба аввалги тадқиқотлар, жумладан, Жон Кейжнинг қўзиқоринларга бўлган қизиқиши ва 1979 йилдаги “Ўсимликларнинг яширин ҳаёти” номли ҳужжатли фильм билан ҳамоҳангдир.
Шунингдек, бу йўналишда ишлаётган бошқа санъаткорлар ҳам бор. Милеэсе исмли рассом 2000 йилларнинг бошидан бошлаб ўсимлик ва замбуруғларнинг биоэлектрик сигналини товушга айлантириш орқали ўз асарларини яратади. Унинг ишлари ҳатто Тате Модерн галереясида ҳам намойиш этилган.
Яна бир қизиқарли мисол — мйсолйсо гуруҳининг экспериментал трекидир. У 2020 йилда пушти истириде қўзиқоринининг ҳаёт циклига асосланган ҳолда яратилган ва YouTube’да 1,6 миллиондан ортиқ томоша тўплаган. Мусиқачи Тарун Наяр эса TikTok’даги “Modern Biology” саҳифаси орқали қўзиқорин мусиқасини миллионлаб томошабинларга етказмоқда.







