Хавотир уйғотаётган янги ҳолат — вирусли “пушти темиратки” ортиб бормоқда
Соғлиқни сақлаш расмийлари огоҳлантирди: пушти темиратки эпидемияга айланиши мумкин.

Таиландда хавотир уйғотаётган янги ҳолат — вирусли "пушти темиратки" ҳолатлари ортиб бормоқда. Мамлакат соғлиқни сақлаш расмийлари ушбу касаллик ёмғир мавсумида эпидемияга айланиши мумкинлигини таъкидламоқда.
Таиланд Соғлиқни сақлаш департаменти маълумотларига кўра, касалликнинг илк белгиси одатда йирик биринчи доғ билан бошланади, у "она доғи" деб аталади ва орқа, қорин ёки қўл соҳаларида пайдо бўлади. Орадан бир неча кун ўтиб, бутун танага майда, лосось ёки оч жигарранг тусли тошмалар тарқала бошлайди.
Касаллик кўпроқ болалар ва ёшларда учрайди, бироқ ҳомиладор аёллар учун алоҳида хавф туғдиради — оғир ҳолатларда ҳомила тушиши хавфини ошириши мумкин.
Асосий аломатлар қуйидагилардан иборат:
- тана ҳароратининг кўтарилиши;
- орқа ёки қорин соҳасида йирик доғларнинг пайдо бўлиши;
- мушак ва бўғим оғриқлари;
- умумий ҳолатнинг сусайиши, бош оғриғи;
- бурун оқиши, йўтал, томоқ оғриғи;
- баъзи ҳолларда — ич кетиши, ютишдаги қийинчиликлар.
Расмийлар ҳар қандай тери ўзгаришларини бефарқлик билан қабул қилмасликни, айниқса сайёҳлик сафарларидан қайтгач, дарҳол шифокорга мурожаат қилишни тавсия қилмоқда.
Профилактика чоралари сифатида қуйидагилар тавсия этилмоқда:
- саёҳат давомида шахсий гигиенани қатъий сақлаш;
- терига зиён етказувчи ҳарорат, сув ёки аллергенлардан эҳтиёт бўлиш;
- гигиена воситаларини фақат шахсий фойдаланишда ишлатиш;
- аломатлар пайдо бўлса — дерматологга мурожаат қилиш.
Таиланд ҳукумати, айниқса ёмғир мавсумида, маҳаллий аҳоли ва сайёҳларни ҳушёрликка чақирмоқда.







