Туркияда аёллар эркакларга қараганда узоқ умр кўрмоқда
Статистика институти эълон қилган ҳисоботга кўра, мамлакатда ўртача умр кўриш ёши 78 га етган.

Туркия Статистика институти томонидан 2022–2024-йилларга оид “Ҳаёт жадвали” статистик ҳисоботига кўра, мамлакатда туғилган чақалоқ учун кутилган ўртача умр 78,1 йилни ташкил қилмоқда. Бу аввалги йилларга нисбатан ўсиш кузатилаётганини англатади.
Маълумотларга кўра, аёллар учун ўртача умр кўриш давомийлиги 80,7 йил бўлса, эркаклар учун бу кўрсаткич 75,5 йилни ташкил этмоқда. Шунга кўра, аёллар эркакларга нисбатан ўртача 5,2 йил узоқ умр кўрмоқда.
Шунингдек, ҳисоботда таълим даражаси билан умр давомийлиги ўртасидаги боғлиқлик ҳам кўрсатиб ўтилган. Жумладан, олий маълумотга эга бўлган 30 ёшли шахслар ўрта маълумотлиларга нисбатан ўртача 5 йил кўпроқ яшаши мумкинлиги таъкидланган.
Соғлом умр кўриш давомийлиги эса ўртача 57,6 йил деб баҳоланган: эркакларда бу кўрсаткич 58,9 йил, аёлларда эса 56,3 йилни ташкил қилмоқда.
Яна бир муҳим кўрсаткичга кўра, 65 ёшга етган шахсларнинг кутилган умр давомийлиги ўртача яна 18 йилни ташкил этади.
Муттахассисларнинг фикрича, умр кўриш кўрсаткичларининг ўсишига Туркияда соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилган ислоҳотлар, тиббий хизматлар сифати ошгани ҳамда жисмоний фаолликни рағбатлантиришга қаратилган чора-тадбирлар ижобий таъсир кўрсатмоқда.







