Ўзбекистон

Шифокорлар шафқатсиз муомала фактларини ҳужжатлаштиришга ўқитилди

13–14 апрель кунлари Хива шаҳрида “Истанбул баённомасига мувофиқ қийноққа солиш ва шафқатсиз муомаланинг бошқа турларини суд-тиббий ҳужжатлаштириш” мавзусида икки кунлик тренинг бўлиб ўтди.

Шифокорлар шафқатсиз муомала фактларини ҳужжатлаштиришга ўқитилди

“Истанбул баённомасига мувофиқ қийноққа солиш ва шафқатсиз муомаланинг бошқа турларини суд-тиббий ҳужжатлаштириш” мавзусидаги тренинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчисининг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миллий тизимини барқарор ривожлантиришга қаратилган қўшма лойиҳаси доирасида ўтказилди.

 

 

Машғулотларни ташкил этишда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти ва Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази ҳам иштирок этди.

 

Тренингдан мақсад – Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш департаменти ва Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази тиббиёт ходимларининг Истанбул баённомасига мувофиқ қийноққа солиш ва шафқатсиз муомалани самарали ҳужжатлаштириш борасидаги халқаро стандартлардан хабардорлигини оширишдан иборат.

 

Тадбирнинг очилишида ташкилотчи идоралар раҳбарлари ва мутахассислари сўзга чиқиб, айни мавзу фуқароларнинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлаш учун ғоят долзарб эканини таъкидладилар.

 

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А. Саидов ўз нутқида халқаро стандартларни миллий амалиётга тизимли жорий этиш масалаларига эътибор қаратди. У 2017 йилдан буён Ўзбекистонда шафқатсиз муносабатнинг олдини олиш бўйича изчил ишлар олиб борилаётганини қайд этиб, сифатли суд-тиббий ҳужжатлар адолатли судловнинг пойдевори эканлигини алоҳида таъкидлади. Истанбул баённомасини самарали қўллаш ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, тиббиёт муассасалари ва экспертлар ҳамжамияти ўртасида яқин идоралараро ҳамкорликни талаб этиши айтилди.

 

ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси, элчи А.Карттунен ўз нутқида Истанбул баённомасининг асосий унсурига – жабрланувчига йўналтирилган ёндашувга урғу берди. Элчи мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг аҳамиятини ҳамда ЕХҲТнинг Нельсон Мандела қоидалари ва Бангкок қоидалари каби халқаро стандартларга мувофиқ давлат институтлари салоҳиятини мустаҳкамлашдаги ролини қайд этди. Шу билан бирга, ушбу жараёнда тиббиёт ходимларининг фаолияти муҳим ахлоқий аҳамиятга эгалиги таъкидланди.

 

Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти Тиббиёт бўлимининг бош мутахассиси Ф. Олимов иштирокчилар эътиборини озодликдан маҳрум этиш жойларидаги ишнинг ўзига хос жиҳатларига қаратди. У қийноққа солиш ҳолатларини ўз вақтида аниқлашда тиббиёт ходимларининг ҳал қилувчи ролини алоҳида таъкидлаб, тиббий кўрикларнинг тўлиқ холислиги ва мустақиллигини таъминлаш зарурлигини қайд этди.

 

Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий марказининг Хоразм филиали бошлиғи А. Машарипов экспертизанинг қонунийликни таъминлашда асосий воситалардан бири сифатида тутадиган роли ҳақида тўхталди. У мутахассисларнинг касбий малакасини ошириш ва халқаро стандартларни жорий этиш инсон ҳуқуқлари ҳимоясига бевосита таъсир қилишини таъкидлади. А. Машарипов эксперт фаолиятининг илмий асосланганлиги ва мустақиллиги тамойилларига риоя этишнинг аҳамиятини уқтириб, олинган билимларни Марказнинг ҳудудий филиалларида амалда қўллаш учун бу каби ўқув тадбирларининг муҳимлигини эътироф этди.

 

Тренингнинг амалий қисми халқаро экспертлар — қамоқхоналар ислоҳоти ва инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро маслаҳатчи, Халқаро пенитенциар жамғарма вакили А. Шамбилов ҳамда Истанбул баённомасини ишлаб чиқишда бевосита иштирок этган Истанбул баённомаси бўйича халқаро эксперт, Тбилиси давлат тиббиёт университети суд тиббиёти кафедраси мудири Р. Бериашвили раҳбарлигида бўлиб ўтди.

 

 

Иштирокчиларга ўн йиллик жаҳон тажрибаси асосида ишлаб чиқилган ҳужжатнинг янгиланган иккинчи нашри тақдим этилди. Мутахассислар ахлоқий меъёрлар, интервью ўтказиш усуллари, жисмоний далилларни қайд этиш ҳамда номақбул ўтказилган мулоқотнинг руҳий оқибатларини баҳолашни ўз ичига олган баённома мазмун-моҳиятини батафсил таҳлил қилди. Жабрланувчилар билан кўпинча биринчи бўлиб алоқага киришадиган ва далиллар базасини шакллантирадиган бирламчи тиббий ёрдам шифокорларининг ролига алоҳида эътибор қаратилди.

 

Ўқув машғулотлари доирасида иштирокчилар шифокор ва бемор ўртасида ишонч ўрнатиш техникаларини, фаол тинглаш ва новербал мулоқот кўникмаларини атрофлича ўргандилар. Мутахассислар суҳбатнинг дастлабки босқичида очиқ саволлардан фойдаланиш муҳимлигини тушунтириб берди. Беморларнинг “флешбек” каби кучли ҳиссий реакцияларини бошқариш механизмлари ва жабрланувчига кўрик жараёнини назорат қилаётгани ҳиссини бериш зарурлиги муҳокама қилинди. Маълумотларни сақлаш тизимига ишончнинг йўқлиги тергов учун зарур бўлган муҳим тафсилотларнинг ошкор этилишига тўсқинлик қилиши мумкинлиги таъкидланди.

 

Тренинг якунида Ўзбекистонда қийноқларни ҳужжатлаштириш тизимини такомиллаштириш бўйича кейинги қадамлар муҳокама этилди. Иштирокчилар махфийликни таъминлаш учун қабул хоналарида видеокузатув йўқлигини таъминлашни, шунингдек, малакали кадрлар танқислигини бартараф этиш чора-тадбирларини кўришни таклиф қилди.

 

 

custom img

Журналистлар уюшмасида “Оммавий ахборот воситаларида оила мавзуси ёритилиши”га бағишланган йиғилиш ўтказилди

Тадбир доирасида Нозима Воҳидова “Ибратли оила” кўкрак нишони билан тақдирланди.

custom img

Бозор фаолиятидаги ортиқча талаблар 30 фоизга қисқартирилади

Мажбурий талаблар ягона реестрга киритилиб, электрон мониторинг тизими жорий этилади.

custom img

“Шаҳристон” метро бекатида ойнали ҳимоя тўсиқлари жорий этилади

“Мингўрик – Жанубий вокзал” ва “Жанубий вокзал – Чилонзор буюм бозори” метро йўналишлари қурилиши режалаштирилмоқда.

custom img

Ҳарбий хизматчиларга йилига бир марталик 100 БҲМгача моддий ёрдам берилади

Шунингдек, камида 20 йил хизмат қилган ҳарбийлар учун имтиёзли санаторий йўлланмалари ва қўшимча моддий ёрдам жорий этилиши режалаштирилмоқда.

custom img

Болалар омбудсмани фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун маъмурий жавобгарлик жорий этилмоқда

Бола ҳуқуқлари бўйича вакили ҳуқуқий мақоми ва ваколатлари таъсирчанлиги кучайтирилмоқда.

custom img

Ўзбекистонда доллар курси тушди

Евро ва Хитой юани ҳам пасайди, рубль эса ошди.

custom img

Ўзбекистонда Workmall хорижга ишга юбориш агентлигининг лицензияси бекор қилинди

Фуқаролардан агентлик фаолияти билан боғлиқ мурожаат ёки шикоятларни 2026 йилнинг 30 майига қадар тақдим этиш сўралди.

custom img

Тошкент бозорларида бўялган помидорлар сотилаётгани рад этилди

Санепидқўм ходимлари томонидан пойтахтдаги барча озиқ-овқат бозорлари ўрганилди.

Шаҳодатнома: №1346 Берилган сана: 28.05.2020

Ғоя муаллифи: Фирдавс Фридунович Абдухаликов

Асосчиси: "Master Media Production and Broadcast"