“Заковат” нафақат билим, балки мустақил фикрлашни ҳам ривожлантиради — Саида Мирзиёева
“Zakovat-Gambit” турнирида қатнашчилар сони ўтган йилга нисбатан икки баробар ошиб, қарийб 6 минг нафарга етди.

Кеча, 30 октябрь куни бешинчи бор ўтказилган “Zakovat-Gambit” шахмат турнири ғолиблари тақдирланди. Бу йилги мусобақада 6 мингга яқин иштирокчи қатнашди. Бу ўтган йилги кўрсаткичдан икки баробар кўп. Иштирокчиларнинг 633 нафари аёллар ва қизлардан иборат бўлди.
Саида Мирзиёева турнир якунлари ҳақида фикр билдирар экан, бу рақамлар интеллектуал беллашувларга қизиқиш ортиб бораётгани, ёшларда илмга интилиш ва ўз имкониятларига ишонч кучаяётганини кўрсатишини таъкидлади.
Унинг қайд этишича, Ўзбекистон халқаро шахмат майдонида салмоқли натижаларга эришиб келмоқда. Шу билан бирга, мамлакатда ҳар бир инсоннинг ақлий салоҳиятини тўлиқ намоён этиши учун зарур муҳитни шакллантириш ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Саида Мирзиёева «Заковат» лойиҳасининг алоҳида аҳамиятини иқтидорли ёшларни кашф этиш билан бирга, уларда тафаккур маданияти, мустақил фикрлаш ва оқилона қарор қабул қилиш кўникмаларини ривожлантиришида кўришини билдирди.
У мамлакат келажаги ёш авлоднинг нафақат билим даражаси, балки бу билимларни амалда қўллай олиши ва фикрлаш доирасига ҳам боғлиқлигини таъкидлади.








