Тошкентда жамоат транспорти: 20 та йўналишда қатнов вақти узайтирилади
Кечки қатновлар оралиғи 15–20 дақиқадан ошмаслиги белгиланган.

Тошкентда 20 та автобус йўналишида кечки қатновларни соат 23:00 гача узайтириш имконияти кўриб чиқилади. Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 30 октябрдаги қарорига мувофиқ, масъул идораларга 2026 йил 1 декабрга қадар ушбу қатновларни ташкил этиш топширилган.
Қарорда қайд этилишича, соат 21:00 дан кейин жамоат транспорти қатновининг кескин камайиши ёки тўхташи, айниқса, кечки сменада ишловчилар, талабалар ва шаҳар меҳмонлари учун ноқулайлик туғдирмоқда.
Янги тартиб доирасида темирйўл ва автовокзаллар, халқаро аэропорт, метро бекатлари ҳамда аҳоли гавжум ҳудудларни боғловчи 20 та йўналишда соат 21:00 дан 23:00 гача қатновларни ташкил этиш режалаштирилган. Уларнинг 15 таси магистраль, 5 таси боғловчи йўналиш ҳисобланади.
Кечки қатнов йўлга қўйилиши режалаштирилган автобус йўналишлари:
- 1 — Қорақамиш-2/4 мавзеси — «Мустақиллик майдони» метро бекати;
- 14 — ТТЗ автостанцияси — Шимолий вокзал;
- 18 — Ўрикзор бозори — «Чорсу» савдо маркази;
- 21 — Қорақамиш-2/4 мавзеси — «Чилонзор» метро бекати;
- 24 — Янги Чоштепа мавзеси — Тошкент вокзали;
- 28 — Ибн Сино-2 мавзеси — «Чорсу» бозори;
- 38 — Ўрикзор бозори — Дўстлик-2 мавзеси;
- 44 — Яшнобод деҳқон бозори — Юнусободнинг 19-мавзеси;
- 46 — «Беруний» метро бекати — Бинокор қўрғони;
- 51 — Юнусободнинг 6-мавзеси — «Чорсу» савдо маркази;
- 58 — Дўстлик-2 мавзеси — Тошкент вокзали;
- 67 — Халқаро аэропорт — Юнусободнинг 19-мавзеси;
- 72 — Жумабозор — «Амир Темур хиёбони» метро бекати;
- 85 — Қорақамиш-2/4 мавзеси — Тошкент вокзали;
- 93 — Қўйлиқ-1 мавзеси — Юнусободнинг 13-мавзеси;
- 98 — Чилонзор буюм бозори — «Электрокабел» заводи;
- 115 — Дўстлик-2 мавзеси — «Беруний» метро бекати;
- 118 — Ўрикзор бозори — Тошкент вокзали;
- 131 — Дўстлик-2 мавзеси — Қорақамиш-2/4 мавзеси;
- 147 — Чинни бозори — «Чорсу» савдо маркази.
Кечки қатновларда автобусларнинг ҳаракатланиш интервали 15–20 дақиқадан ошмаслиги белгиланган. Қатнов жадваллари барча бекатларда ҳамда рақамли иловаларда эълон қилинади. Уларнинг бажарилиши марказлашган диспетчерлик хизмати томонидан назорат қилинади.
Шунингдек, 20 ноябрга қадар 3ТМ, АТТО ва Yandex иловаларига узатиладиган GPS маълумотларидаги вақт тафовутлари ва тизимдаги техник камчиликларни бартараф этиш топширилган. Автобуслардаги нақд пулсиз тўлов валидаторлари ва банк тармоқлари алоқасининг барқарор ишлаши ҳам таъминланиши керак.








