Метрода 5 вагонли поездлар қатнай бошлайдими? Расмий муносабат билдирилди
Тошкент метрополитени 20 ноябргача 5 вагонли ҳаракат таркиблари йўлга қўйилиши ҳақидаги хабарларга изоҳ берди.

Ижтимоий тармоқларда Тошкент метрополитенида 20 ноябргача 5 вагонли ҳаракат таркиблари йўлга қўйилиши ҳақида хабарлар тарқалди. “Тошкент метрополитени” АЖ ушбу маълумот ҳақиқатга мос келмаслигини билдирди.
Метрополитен маълумотига кўра, ҳозирда йўловчилар оқими юқорилигини инобатга олиб, қўшимча захира поездларини жалб этиш орқали ҳаракат интервалларини ўртача 2–3 дақиқагача қисқартириш чоралари кўрилмоқда.
Шу билан бирга, 5 вагонли ҳаракат таркибларини жорий йилнинг 20 ноябридан бошлаб йўловчилар ташиш жараёнига жалб этиш режалаштирилмаган.
Қайд этилишича, 5 вагонли поездларни йўлга қўйиш бўйича “Тошкент метрополитени” АЖ, Транспорт вазирлиги ва Тошкент шаҳар Кенгаши билан келишилган ҳолда ташкилий ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, қўшимча вагонларни харид қилиш концепцияси ишлаб чиқилган.
Режага кўра, 2027 йил сентябрь ойига қадар мавжуд ҳаракат таркибларининг 80 фоизи — жами 54 та поезд 5 вагонли шаклга ўтказилиши кўзда тутилган.
Метрополитен фуқароларни ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарларни улашишда расмий манбаларга таянишга чақирди.








