Афғонистонга юк ташиш қимматлашади: айрим маҳсулотлар бундан мустасно
Афғонистонлик тадбиркорлар бу ўзгариш ички бозордаги маҳсулотлар нархига таъсир қилиши мумкинлигини билдирмоқда.

“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти 2026 йил 7 ноябрдан бошлаб Афғонистонга темирйўл орқали юк ташишда қўшимча тўловлар жорий этилишини маълум қилди.
Компания расмий сайтида эълон қилинган маълумотга кўра, янги тўловлар юкларнинг тариф тоифасига қараб белгиланади. Уларнинг миқдори ҳар бир вагон учун 800 минг сўмдан 1,3 миллион сўмгача бўлади. Бу тахминан 67–109 долларга тенг.
Қўшимча тўловлар Ўзбекистон орқали Афғонистонга олиб ўтиладиган аксарият турдаги юкларга татбиқ этилади. Бироқ буғдой, ёғ, нефть маҳсулотлари ва газ ушбу тўловлардан озод қилинади.
“Ўзбекистон темир йўллари” вакилларининг билдиришича, мазкур қарор тушумлар камайишининг олдини олиш мақсадида қабул қилинган. Бу ҳақда ТОLOnews хабар берди.
Афғонистонлик тадбиркор Омид Ҳайдарийнинг фикрича, юк ташиш харажатларининг ошиши мамлакат ички бозоридаги маҳсулотлар нархига ҳам таъсир қилиши мумкин. У Ўзбекистонни транспорт ва транзит тўловларини камайтиришга чақирган.
Юк ташиш учун қўшимча тўловлар жорий этилиши ҳақидаги хабарлар фонида икки мамлакат ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинган.
Жумладан, Афғонистон қишлоқ хўжалиги, суғориш ва чорвачилик вазири ўринбосари Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари билан онлайн учрашув ўтказган.
Музокараларда Афғонистон гўшти ва картошкасини Ўзбекистонга экспорт қилиш, пахтачилик ва боғдорчиликни ривожлантириш, шунингдек, уруғчилик марказини ташкил этиш масалалари кўриб чиқилган.
Афғонистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот котиби Шер Муҳаммад Ҳотамийнинг маълум қилишича, учрашув икки давлат ўртасида қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик алоқаларини мустаҳкамлаш, савдо ҳамкорлиги, қўшма инвестициялар ҳамда техник тажриба алмашинувини ривожлантириш мақсадида ташкил этилган.
ТОLOnews материалида қайд этилишича, Афғонистоннинг импортга қарамлиги ва минтақа давлатларидан маҳсулот олиб кириш харажатларини ҳисобга олганда, Марказий Осиё мамлакатлари билан иқтисодий алоқаларни кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга.
Иқтисодий таҳлилчи Абдул Носир Рештиянинг фикрича, Афғонистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан савдо алоқаларини кенгайтириши транспорт йўналишларини диверсификация қилиш ва ягона йўлга қарамликни камайтириш имконини беради.








