Рубио Украинадаги можаро янада кучайиши мумкинлигидан огоҳлантирди
АҚШ Давлат котиби Украинадаги урушни Иккинчи жаҳон урушидан буён давом этаётган энг даҳшатли можаролардан бири деб атади.

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Украинадаги можаронинг янада кучайиши хавфи мавжудлиги ҳақида огоҳлантирди. У бу ҳақда Ҳиндистонда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилган.
Рубионинг таъкидлашича, жанговар ҳаракатларнинг узоқ давом этиши можаронинг кенгайиш эҳтимолини оширмоқда.
“Ҳар сафар у ёки бу томондан шундай йирик зарбаларни кўрганингизда, бу сизга нима учун бу Иккинчи жаҳон урушидан бери давом этаётган энг даҳшатли можаролардан бири эканини ва нима учун уни тугатиш кераклигини эслатади”, — деган АҚШ Давлат котиби.
Шунингдек, у Қўшма Штатлар Украинадаги можарони тугатиш бўйича барча имкониятларни ишга солишга тайёрлигини таъкидлаган.
“Қўшма Штатлар ушбу можарони якунлаш учун ёрдам беришга тайёр ва умид қиламанки, бундай имконият қачондир юзага келади”, — дея таъкидлаган Рубио.
Давлат котиби айни пайтда Вашингтон ва Киев ўртасида фаол ёки режалаштирилган музокаралар мавжуд эмаслигини ҳам қайд этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Ташқи ишлар вазирлиги хорижий фуқаролар, дипломатик миссиялар ҳамда халқаро ташкилотлар ваколатхоналари ходимларига имкон қадар тезроқ Киевни тарк этишни тавсия қилган эди.








