Украина жанг майдонида роботлардан фойдаланмоқда: улар ҳужум ва эвакуацияга жалб этилмоқда
Бундай қурилмалар нафақат ҳарбий юкларни ташиш ва эвакуация, балки гранатомёт ҳамда танкка қарши қуроллар ёрдамида ҳужум операцияларига ҳам жалб этилмоқда.

Украина армияси Россияга қарши урушда ер усти жанговар роботларидан тобора кўпроқ фойдаланмоқда. Bild нашрининг ёзишича, мамлакат ҳарбийлари гранатомётлар, портловчи моддалар ва ҳатто танкка қарши қуроллар билан жиҳозланган роботларни жанг майдонига жалб қилмоқда.
Нашр маълумотларига кўра, октябрь ойи охирида Лиман шаҳри яқинида роботлар пиёдалар ҳамроҳлигисиз Россия позицияларига ҳужум уюштирган.
Россия пропагандаси билан боғлиқ ҳарбий Теlegram-каналларда ушбу ҳужум муваффақиятсиз якунлангани ҳақида хабарлар тарқалган. Уларда дронлар роботларни нишонга олгани ва уларнинг барчаси йўқ қилингани айтилади. Бироқ бу маълумотларни мустақил равишда тасдиқлаш имкони йўқ. Шунга қарамай, Украина томонидан амалга оширилган мазкур ҳужум уруш жараёни тобора роботлаштирилаётганини кўрсатади.
Экспертлар бундай роботларнинг учувчи дронлар билан ўзаро ҳамкорлигини алоҳида аҳамиятга эга деб ҳисоблайди. Ҳаводаги дронлар ер усти роботлари учун «кўз» вазифасини бажариб, уларнинг ҳаракатини бошқаради ва ҳатто фронт ортига олиб ўтиши мумкин.
Украина Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, октябрь ойида ер усти роботлари логистика ва эвакуация билан боғлиқ 31398 та операцияни бажарган. Январь ойида эса бу кўрсаткич 7511 тани ташкил этган.
Ҳозирча роботларнинг аксарияти бевосита жанговар ҳаракатларда қатнашмаяпти. Улар асосан юк ташиш, яраланган ва ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларни эвакуация қилиш учун қўлланмоқда.








