Теlegram'даги заифликлар бўйича баҳс: Дуров хакерларни ўз аккаунтини бузишга чақирди
У шунчаки хабар олиш орқали профилни эгаллаб олиш мумкинлиги ҳақидаги даъволарни рад этди.

Теlegram асосчиси Павел Дуров мессенжерда аниқланган заифликлар ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди. У хакерларни ўзининг шахсий аккаунтини бузиб киришга чақирди.
Дуровнинг таъкидлашича, айрим ОАВда ёзилганидек, шунчаки хабар юбориш ёки уни қабул қилиш орқали фойдаланувчи аккаунтини эгаллаб олиш мумкин эмас. Бунинг учун аввал учинчи томон хизматини фаол ишга тушириш талаб этилган. Унинг сўзларига кўра, бу муаммо ҳам сервер томонида бартараф этилган.
«Агар бошқача фикрда бўлсангиз, аккаунтимни бузиб киришга уриниб кўринг», — деб ёзди Дуров ва ўз профилига ҳавола қолдирди.
Баёнотга 11 ноябрь куни V12 номли «ахлоқий хакерлар» гуруҳи томонидан намойиш этилган заифлик сабаб бўлган. Мутахассислар Android тизимидаги Теlegram виджети орқали бегона кодни ишга тушириш мумкинлигини кўрсатган. Намойишда фойдаланувчи бот билан суҳбатга кириб, ишга тушириш тугмасини босганидан сўнг виджет калькуляторни очган.
Шунингдек, telejam лойиҳаси муаллифи Windows учун Теlegram версиясида виджетлар орқали кодни ишга туширишнинг яна иккита усулини эълон қилган. Унга кўра, махсус тайёрланган хабарлар виджет суҳбатда пайдо бўлиши биланоқ, фойдаланувчи ҳеч қандай тугмани босмасдан калькуляторни ишга тушириши мумкин.
Бироқ бунинг учун ҳам дастлаб бот орқали виджетнинг суҳбатда пайдо бўлиши талаб этилади. Ҳозирча Теlegram виджетларидаги заифликлар орқали аккаунтларнинг оммавий бузиб кирилгани ҳақида тасдиқланган маълумот йўқ.








