Ўзбекистон

Самарқанднинг айрим туман ва шаҳарларида камбағаллик 2 фоизга камайтирилади

Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилояти ҳудудларини комплекс ривожлантириш, олис ва чекка туманларда аҳоли турмуш даражасини ошириш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш ўтказди.

Самарқанднинг айрим туман ва шаҳарларида камбағаллик 2 фоизга камайтирилади

 

Президент Шавкат Мирзиёев 10 июн куни Самарқанд вилояти ҳудудларини комплекс ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини ошириш ҳамда олис ва чекка туманларнинг иқтисодий салоҳиятидан самарали фойдаланиш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.

 

Йиғилишда давлат раҳбарининг Самарқанд вилоятига аввалги ташрифлари давомида берилган топшириқлар ижроси ҳамда ҳудудларни ихтисослашув асосида ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган янги лойиҳалар кўриб чиқилди.

 

Таъкидланганидек, ўтган йил декабр ойида Самарқанд вилоятини 2026 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари учун қўшимча 100 миллион доллар маблағ ажратилган. Жорий йил март ойида Нарпай туманига ташриф чоғида эса вилоятнинг олис ва чекка ҳудудларини алоҳида ёндашув асосида ривожлантириш вазифаси қўйилган эди.

 

Йиғилишда Булунғур, Нарпай, Оқдарё, Пахтачи, Қўшработ, Каттақўрғон туманлари ҳамда Каттақўрғон шаҳрининг иқтисодий ҳолати таҳлил қилинди.

 

Қайд этилишича, ушбу ҳудудларда аҳоли сони юқори бўлишига қарамай, юқори даромадли иш ўринлари етарли эмас. Хусусан, Нарпай, Қўшработ, Пахтачи, Каттақўрғон туманлари ва Каттақўрғон шаҳрининг вилоят саноатидаги улуши атиги 10 фоизни ташкил этади. Айрим ҳудудларда ишсизлик ва камбағаллик даражаси ҳам юқори бўлиб қолмоқда.

 

Шу сабабли ҳар бир туманнинг мавжуд имкониятларидан келиб чиқиб, уларни аниқ йўналишларда ривожлантириш таклиф этилди.

 

Булунғур, Қўшработ, Пахтачи ва Каттақўрғон туманлари қишлоқ хўжалиги, боғдорчилик ва чорвачилик марказлари сифатида ривожлантирилади. Булунғур туманида қиймати 50 миллион доллар бўлган, йилига 100 минг бош наслли чорва етиштириш қувватига эга замонавий наслчилик мажмуаси барпо этилади. Қўшработ ва Оқдарё туманларида эса умумий қиймати 20 миллион долларлик наслли жўжа ишлаб чиқариш корхоналари ташкил қилинади. Ушбу корхоналар йилига 800 минг дона маҳсулот ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлади.

 

Нарпай тумани ва Каттақўрғон шаҳри саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларининг янги ўсиш нуқталарига айлантирилади. Жумладан, Нарпай туманида 100 гектар майдонда замонавий саноат зонаси ташкил этилиб, умумий қиймати 500 миллион долларлик юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган лойиҳалар жойлаштирилади. Ушбу жараёнга Япониянинг 10 та йирик компаниясини жалб этиш режалаштирилган.

 

Оқдарё тумани эса паррандачилик, тўқимачилик ва қайта ишлаш саноатига ихтисослаштирилади.

 

Йиғилишда ҳудудлар бўйича аниқ иқтисодий кўрсаткичлар ҳам белгиланди. Хусусан, Нарпай, Пахтачи, Пастдарғом туманлари ҳамда Каттақўрғон шаҳрида ишсизлик даражасини 3 фоизга, камбағаллик даражасини эса 2 фоизга камайтириш вазифаси қўйилди.

 

Бундан ташқари, Иштихон, Нарпай, Нуробод, Пахтачи, Қўшработ ва Каттақўрғон туманларида экспорт ҳажмини 20 фоизга ошириш, Булунғур, Нарпай, Нуробод, Паяриқ, Пахтачи, Қўшработ, Каттақўрғон туманлари ҳамда Каттақўрғон шаҳрида хизматлар ва саноат ҳажмини икки баравар кўпайтириш бўйича лойиҳалар тақдим этилди.

 

Йиғилишда Самарқанд вилоятининг туризм салоҳиятини янада кенгайтириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

 

Қайд этилишича, жорий йил бошидан буён Ўзбекистонга ташриф буюрган хорижий туристлар сони 27,3 фоизга ошиб, 5,4 миллион нафарга етган. Мамлакат олдига хорижий туристлар сонини 20 миллион нафарга, туризм экспортини эса 10 миллиард долларга етказиш мақсади қўйилган.

 

Шу мақсадда Самарқанд шаҳрининг тарихий марказидаги 13 та кўчани пиёдалар ҳудудига айлантириш, янги туризм ва сервис обектларини ташкил этиш ташаббуси қўллаб-қувватланди. Шунингдек, “Оҳалик – Оқбўйро – Миронқул” туристик-рекреацион зонаси ҳудудини кенгайтириш ҳамда Имом Мотуридий ёдгорлик мажмуаси яқинидаги ҳудудларни ободонлаштириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

 

Белгиланган чора-тадбирлар натижасида Самарқанд шаҳри, Самарқанд тумани ва Нуробод туманида меҳмонхоналар сонини 850 тага, меҳмонхоналардаги ўринлар сонини 20 минг тага, туризм хизматлари ҳажмини эса 750 миллион долларга етказиш вазифаси белгиланди.

 

Йиғилишда аҳоли учун қулай яшаш шароитларини яратиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Йўл, ичимлик суви, канализация, электр тармоқларини яхшилаш, ижтимоий обектлар қуриш, реновация ва саноат лойиҳаларини инфратузилма билан таъминлаш учун 1,2 триллион сўм маблағ ажратиш таклифи билдирилди.

 

Шунингдек, Самарқанд шаҳридаги “Кимёгарлар” қўрғонини реновация қилиш бўйича мастер-режани бир ой муддатда тасдиқлаш, Булунғурдаги “Янги Ўзбекистон” массивини кенгайтириш ҳамда йил якунига қадар Самарқанд шаҳрининг “Темирйўл орти” ҳудудида спорт, маданият, мусиқа ва санъат масканларини ташкил этиш юзасидан топшириқлар берилди.

 

Йиғилиш якунида Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятининг ҳар бир ҳудудида мавжуд салоҳиятни тўлиқ ишга солиш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини ошириш ва ҳудудлар ўртасидаги иқтисодий тафовутларни қисқартириш бўйича масъулларга аниқ вазифаларни белгилаб берди.

Президент Шавкат Мирзиёев деҳқон, фермерлар ҳамда барча қишлоқ хўжалиги ходимларини табриклади

Президент Шавкат Мирзиёев деҳқон, фермерлар ҳамда барча қишлоқ хўжалиги ходимларини табриклади

Ўзбекистонда илк бор 5 миллион тоннадан ортиқ пахта етиштирилди.

Президент Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Қозоғистонда бўлади

Президент Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Қозоғистонда бўлади

Президент Марказий Осиё давлатлари етакчиларининг Ақаба жараёни доирасидаги учрашувида иштирок этади.

Тошкентда ҳаво сифати яхшиланади: ёғингарчилик кутилмоқда

Тошкентда ҳаво сифати яхшиланади: ёғингарчилик кутилмоқда

Ёғингарчилик ҳаводаги PM2.5 ва PM10 заррачалари миқдорини камайтириб, ҳаво сифатининг яхшиланишига ёрдам бериши мумкин.

“Ўзгаришларни энг мураккаб жойдан бошлаш учун бордик”: Саида Мирзиёева Қашқадарёдаги наркология муассасасида бўлди

“Ўзгаришларни энг мураккаб жойдан бошлаш учун бордик”: Саида Мирзиёева Қашқадарёдаги наркология муассасасида бўлди

Маҳаллий ва халқаро экспертлар иштирокида наркология тизимини тубдан янгилашга қаратилган махсус дастур ишлаб чиқилиши маълум қилинди.

Фильтри носоз иссиқхоналар ва корхоналар фаолияти тўхтатилди: ҳаво сифати назорати кучайтирилмоқда

Фильтри носоз иссиқхоналар ва корхоналар фаолияти тўхтатилди: ҳаво сифати назорати кучайтирилмоқда

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳаво сифатини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

Қашқадарёда 1,4 минг гектар томорқа сув билан барқарор таъминланади

Қашқадарёда 1,4 минг гектар томорқа сув билан барқарор таъминланади

Саида Мирзиёева Қашқадарёда сув таъминотини яхшилаш масалаларига эътибор қаратди.

Тошкентда иссиқ сув нега лойқаланди? Veolia изоҳ берди

Тошкентда иссиқ сув нега лойқаланди? Veolia изоҳ берди

Ижтимоий тармоқларда айрим хонадонларга жигарранг тусли иссиқ сув келаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Олот тумани ҳокими “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланди

Олот тумани ҳокими “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланди

Унинг ҳудудни ривожлантириш, инфратузилмани яхшилаш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли фаровонлигини оширишга қўшган ҳиссаси эътироф этилди.