Украина Россиянинг 14 та ҳудудига зарба берди: Белгородда уч киши ҳалок бўлди
Шу билан бирга, Россия қўшинларининг Украинага берган зарбалари бир нечта ҳудудда электр ва сув таъминотида узилишларга сабаб бўлди.
Украина дронларининг Россиянинг Белгород вилоятига ҳужуми оқибатида уч киши ҳалок бўлди. Айни пайтда Россия қўшинларининг Украинага берган зарбалари мамлакатнинг бир нечта ҳудудида электр ва сув таъминотида узилишларга сабаб бўлди.
Белгород вилояти расмийлари 4 ноябрь куни уч киши ҳалок бўлганини маълум қилди. Украина президенти Володимир Зеленскийнинг билдиришича, Россиянинг тунги ҳужумлари тўққизта ҳудуддаги электр энергияси ишлаб чиқариш объектлари ва подстанцияларга зарар етказган.
Россия Мудофаа вазирлиги эса Украина ҳудудидаги Киев ва Житомир вилоятларида жойлашган иккита электр станциясига зарба берилганини тасдиқлаган.
Ҳужумлар оқибатида Киев ва унинг атрофидаги ҳудудларда электр ҳамда сув таъминоти бир неча соатга узилган. Пойтахтда аҳолига ичимлик сувини жамоат сув олиш шохобчаларидан олиш тавсия этилган. Шунингдек, жабрланган ҳудудларда фуқароларга иссиқ чой ва электрон қурилмаларни қувватлантириш имконини берувчи фавқулодда ёрдам марказлари ташкил этилган.
Россия Энергетика вазирлиги Украина ҳужумлари энергетика инфратузилмасига зарар етказганини ва вақтинчалик электр узилиши жадваллари жорий этилганини билдирган.
Reuters хабарига кўра, Россия қўшинлари Киевдан ташқари Полтава, Днипро, Кировоград ва Ривне вилоятларига ҳам зарба берган.
Россия Мудофаа вазирлиги 4 ноябрга ўтар кечаси мамлакатнинг 14 та ҳудуди, Қрим яримороли, Қора ва Азов денгизлари акваториялари узра Украинанинг 709 та дрони уриб туширилганини билдирган.
Аввалроқ Украинанинг Россия жанубидаги Адигейск шаҳрига дронлар орқали ҳужуми оқибатида Ozon компаниясининг логистика марказида ёнғин чиққани ҳақида хабар берилган эди. Компания барча ходимлар эвакуация қилинганини, ҳеч ким жабрланмаганини маълум қилган. Шикастланган маҳсулотлар сотувдан олиб ташланган, буюртмаларни етказиб бериш эса бошқа объектларга йўналтирилган.







