Чирчиқда каналда оқиб кетаётган фуқаро қутқариб қолинди
Ҳушсиз ҳолатда қирғоққа олиб чиқилган шахсга воқеа жойида биринчи тиббий ёрдам кўрсатилди.

Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарувчилари каналга тушиб кетган фуқарони қутқариб қолди.
ФВВ маълумотига кўра, 19 июнь куни соат 13:00 атрофида Чирчиқ шаҳридаги “Шарқ” маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи Бўзсув каналида профилактик хизмат олиб бораётган қутқарувчилар сув оқимида ҳаракатсиз ҳолда оқиб кетаётган фуқарони пайқаб қолган.
Шундан сўнг қутқарувчилар зудлик билан сувга тушиб, фуқарони қирғоққа олиб чиққан. Ҳушсиз ҳолатда бўлган шахсга воқеа жойида биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган.
Маълум бўлишича, фуқаро эҳтиётсизлик оқибатида каналга тушиб кетган. Сузишни билмагани сабабли кучли сув оқимида оқиб кетган. Ҳозирда унинг аҳволи яхши экани билдирилмоқда.
ФВВ фуқароларни сув ҳавзалари яқинида хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилишга чақирди.








