Маданият

III Халқаро мақом санъати анжуманидаги танловда Гран-прини Ўзбекистон вакили қўлга киритди

Наманган шаҳрида YUNESKO ва АYSESKO шафелиги остида ўтказилган III Халқаро мақом санъати анжумани муваффақиятли якунланди.

III Халқаро мақом санъати анжуманидаги танловда Гран-прини Ўзбекистон вакили қўлга киритди

2026 йилнинг 23–26 июнь кунлари Наманган вилоятининг Наманган шаҳрида YUNESKO ва AYSESKO шафелиги остида III Халқаро мақом санъати анжумани юксак савияда ташкил этилиб, муваффақиятли якунланди. Бу ҳақда Zamon.uz мухбири хабар берди.

 

 

Ўзбекистонда учинчи маротаба ўтказилган анжуманда YUNESKO, AYSESKO, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти, ТУРКСОЙ, Туркий Парламент Ассамблеяси, Туркий маданият ва мерос жамғармаси ҳамда бошқа халқаро тузилмалар раҳбарлари, хорижий мамлакатларнинг маданият вазирлари, элчилар, 80 дан ортиқ давлатдан 250 га яқин маданият ва санъат вакиллари иштирок этди.

 

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев III Халқаро мақом санъати анжуманининг тантанали очилиш маросимида иштирок этди. Давлат раҳбари анжуман иштирокчилари ва меҳмонларини самимий қутлаб, ўз нутқида мақом санъатининг инсоният маданий меросидаги беқиёс ўрни, халқимиз маънавий ҳаётидаги аҳамияти, миллий мусиқа  асраб-авайлаш, илмий асосда ўрганиш ва келажак авлодларга етказиш борасида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида алоҳида тўхталди. 

 

 

Очилиш маросимидан сўнг Президент анжуманнинг тантанали гала-концерт дастурини томоша қилди. Концертда Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлардан ташриф буюрган машҳур мақом ижрочилари, фольклор ва этно-жамоалар, миллий оркестрлар ҳамда санъат усталарининг ёрқин чиқишлари намойиш этилди.

 

Шунингдек, анжуман доирасида қатор илмий-амалий ва маданий тадбирлар муваффақиятли ўтказилди. Хусусан, "Шарқ мақомининг янги тенденциялари: анъана ва инновация ўртасидаги боғлиқлик" мавзусидаги халқаро илмий конференция ташкил этилди. 

 

 

Унда Ўзбекистон ва хорижий давлатлардан ташриф буюрган олимлар, мусиқашунослар, санъатшунослар ҳамда тадқиқотчилар Шарқ мақом санъатининг бугунги тараққиёт босқичлари, замонавий талқинлари, илмий изланишлар, инновацион ёндашувлар ва халқаро ҳамкорлик масалалари юзасидан маърузалар билан иштирок этдилар. Конференция якунида мақом  асраб-авайлаш ва уни халқаро миқёсда янада кенг тарғиб этишга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқилди.

 

 

Шу билан бирга, "Шарқ мақомоти анъаналари ва ёшлар: мерос, таълим ва келажак истиқболлари" мавзусида ёш олимлар иштирокидаги республика илмий-амалий анжумани ташкил этилди. Унда мақом санъатининг илмий тадқиқи, уни таълим тизимида ривожлантириш, ёш авлодни миллий мусиқа мероси руҳида тарбиялаш, мақом мактабларининг истиқболлари ва замонавий ривожланиш йўналишлари юзасидан маърузалар тингланиб, кенг муҳокамалар олиб борилди.

 

 

Анжуман доирасидаги халқаро танловда 18 та мамлакат вакиллари иштирок этди. Унда Озарбайжон, Покистон, Қирғизистон, Ҳиндистон, Нидерландия, Тожикистон, Қозоғистон, Туркия, Сурия, Грузия, Корея, Япония, Туркманистон, Хитой, Арманистон, Эрон Мўғулистон ва Ўзбекистоннинг таниқли ижодий жамоалари ҳамда яккахон ижрочилари ўз санъат намуналарини намойиш этдилар.

 

Танлов иштирокчиларининг чиқишлари Озарбайжон, Франция, Туркия, Сербия, Қувайт, Канада ва Ўзбекистон вакилларидан иборат халқаро ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланди.

 

 

26 июнь куни III Халқаро мақом санъати анжуманининг тантанали тақдирлаш ва ёпилиш маросими бўлиб ўтди. Танлов ғолиблари диплом, статуэтка ва пул мукофотлари билан тақдирландилар.

Жумладан:

3-ўрин билан тақдирланганлар:

  • Ўзбекистоннинг "Янги Ўзбекистон" мақом ансамбли (Юнус Ражабий, Хоразм ва Қорақалпоғистон Республикаси мақом ансамбллари) — 2,5 минг АҚШ доллари;
  • Тожикистоннинг Фазлиддин Шаҳобов номидаги Давлат "Шашмақом" ансамбли — 2,5 минг АҚШ доллари;
  • Туркманистоннинг "Туркман анъанавий халқ мусиқасининг классик триоси" — 2,5 минг АҚШ доллари;
  • Ўзбекистон Республикаси Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти магистр хонандалар ансамбли — 2,5 минг АҚШ доллари.

 

2-ўрин билан тақдирланганлар:

  • Қозоғистоннинг "Қаған" этно-фольклор ансамбли — 3,5 минг АҚШ доллари;
  • Грузиялик Ошиқ Наргиле ва "Илалони" ансамбли — 3,5 минг АҚШ доллари;
  • Туркиялик Асуде Челебиоғлу ва Герчек Исмаил Ҳаққи — 3,5 минг АҚШ доллари;
  • Япониянинг Шимономото Аюми, "Кото но Кай" ансамбли ҳамда CSPC–JAPAN жамоаси — 3,5 минг АҚШ доллари.

 

1-ўрин билан тақдирланганлар:

  • Ўзбекистон Давлат симфоник оркестри Миллий чолғулар ансамбли — 5 минг АҚШ доллари;
  • Озарбайжонлик Камила Набиева ва Муғом ансамбли — 5 минг АҚШ доллари;
  • Озарбайжонлик Нураддин Тагиев ва Теймур Жабраилов — 5 минг АҚШ доллари;
  • Монголиянинг Syerendavaa Sogtgerel" гуруҳи — 5 минг АҚШ доллари.

 

Танловнинг энг олий мукофоти — Гран-при Ўзбекистон вакили Ориф Эргашевга насиб этди. Ғолиб 15 минг АҚШ доллари билан тақдирланди.

 

Бундан ташқари анжуман доирасида фаол ижрочиларни қўллаб–қувватлаш  ва рағбатлантириш мақсадида, “Энг яхши мақом хонандаси”, “Энг яхши мақом созандаси”, “Энг яхши мақом устози”, “Энг яхши мақом тарғиботчиси”, “Энг яхши ёш мақомчи”, “Энг яхши мақом бастакори” каби номинациялар бўйича иштирокчилар рағбатлантирувчи совға ва мукофотлар билан тақдирланди. Анжуманнинг ҳар бир иштирокчисига “Халқаро мақом санъати анжумани иштирокчиси” сертификати тақдим этилди.

 

 

Эслатиб ўтамиз, I Халқаро мақом санъати анжумани 2018 йилда Шаҳрисабз шаҳрида, II Халқаро мақом санъати анжумани эса 2024 йилда Жиззах вилоятининг Зомин туманида муваффақиятли ўтказилган эди. Наманганда бўлиб ўтган учинчи анжуман ушбу нуфузли халқаро маданий лойиҳа изчил давом этаётганини яна бир бор намоён этди.

 

 

Ўзбекистон ва Озарбайжон олимлари учун янги имконият: Бокуда илмий меморандум имзоланди

Ўзбекистон ва Озарбайжон олимлари учун янги имконият: Бокуда илмий меморандум имзоланди

Бокуда Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг муштарак тарихий мероси, ислом цивилизацияси ва илмий ҳамкорлигига бағишланган халқаро анжуман ўтказилди.

BERNAMA: "Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази тадқиқотлар учун БМТ архивларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлди"

BERNAMA: "Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази тадқиқотлар учун БМТ архивларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлди"

Малайзиянинг BERNAMA миллий ахборот агентлиги Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказининг халқаро илмий ҳамкорлиги ва БМТ кутубхонаси ҳамда архивларидан фойдаланиш имкониятига бағишланган мақола эълон қилди.

Ислом цивилизацияси маркази Женевадаги БМТ қароргоҳида Марказий Осиёнинг илмий ва маънавий меросини тақдим этди

Ислом цивилизацияси маркази Женевадаги БМТ қароргоҳида Марказий Осиёнинг илмий ва маънавий меросини тақдим этди

Тадбирда Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий мероси, минтақанинг жаҳон илм-фанига қўшган ҳиссаси ҳамда халқаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Кўргазмада тақдим этилган китоблар БМТ кутубхонасига совға қилинди.

Амир Темур ва Темурийлар мероси: Францияда халқаро илмий конференция ўтказилди

Амир Темур ва Темурийлар мероси: Францияда халқаро илмий конференция ўтказилди

Унда Соҳибқирон ва Темурийлар мероси, шунингдек, Ўзбекистон ва Франция олимлари ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон президенти ташаббусидан — Париждаги халқаро мулоқотгача: Ислом цивилизацияси маркази UNESCOда Мовароуннаҳр алломалари меросини тақдим этди

Ўзбекистон президенти ташаббусидан — Париждаги халқаро мулоқотгача: Ислом цивилизацияси маркази UNESCOда Мовароуннаҳр алломалари меросини тақдим этди

Унда 300 дан ортиқ олим, дипломат ва халқаро ташкилотлар вакиллари қатнашди.

Москвада Ўзбекистон нафаси: “Маданият кунлари” юқори нотада ўтди

Москвада Ўзбекистон нафаси: “Маданият кунлари” юқори нотада ўтди

Россияда учинчи бор “Ўзбекистон маданияти кунлари” ташкил этилиб, тадбирлар давомида юртдошлар билан учрашувлар, маданий ҳамкорлик музокаралари ва ўзбек санъати намойишлари ўтказилди.

Турк киноси юлдузлари Тошкентда: кино кунлари бошланади

Турк киноси юлдузлари Тошкентда: кино кунлари бошланади

25–29 сентябрь кунлари Тошкентда “Турк киноси кунлари” бўлиб ўтади. Тадбирнинг очилиш маросимида Энгин Альтан Дузятан, Озге Гурел, Серкан Чаёглу ва Дениз Барут ўзбекистонлик мухлислар билан учрашади.

Кореяда Ўзбекистон нафаси: миллий санъат ва маданият намойиши

Кореяда Ўзбекистон нафаси: миллий санъат ва маданият намойиши

Жорий йилнинг 14–21 сентябрь кунлари Корея Республикасининг Кочанг, Борён, Сеул, Чонжу, Андонг ва Сунчон шаҳарларида “Ўзбекистон маданияти кунлари” ўтказилмоқда.