Ўзбекистон

30 йиллик автомобиллар учун экологик тўлов бекор қилинмоқда

Фойдаланилган автомобилларни утилизация қилиш бўйича қонун лойиҳаси жамоатчилик фикрлари асосида қайта кўриб чиқилмоқда.

30 йиллик автомобиллар учун экологик тўлов бекор қилинмоқда

 

Ўзбекистонда фойдаланилган автомобилларни утилизация қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамалари асосида қайта кўриб чиқилмоқда. Энг муҳим ўзгаришлардан бири сифатида 30 йил ва ундан ортиқ фойдаланилган автомобиллар учун ҳар йили экологик компенсация тўлаш мажбуриятини назарда тутувчи норма лойиҳадан чиқариб ташланмоқда.

 

Бу ҳақда 8 июль куни Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги томонидан ташкил этилган матбуот учрашувида маълум қилинди.

 

Қайд этилишича, мамлакатда қарийб 5 миллион автотранспорт воситаси мавжуд бўлиб, улардан 100 мингга яқини носоз ҳолатда. Мутахассислар бундай транспорт воситалари шаҳарлардаги зарарли чиқиндиларнинг 63 фоизини ҳосил қилишини таъкидлади.

 

Агентлик маълумотига кўра, аввалги лойиҳада ишлаб чиқарилганига 30 йил ва ундан ортиқ бўлган автомобиллар эгалари ҳар йили базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари миқдорида экологик компенсация тўлаши назарда тутилган эди. Жамоатчилик томонидан билдирилган таклиф ва эътирозлар инобатга олиниб, мазкур норма ҳужжатдан бутунлай чиқариб ташланмоқда.

 

Янги концепцияга кўра, маъмурий мажбурлаш ўрнига иқтисодий рағбатлантириш механизми жорий этилиши режалаштирилмоқда.

 

Таклиф этилаётган тартибга мувофиқ, очиқ ва шаффоф тендерлар асосида автомобилларни баҳолаш ҳамда утилизация қилиш билан шуғулланувчи мустақил корхоналар фаолияти йўлга қўйилади. Эски автомобиллар бозор қиймати асосида баҳоланади, ҳаракатлана олмайдиган транспорт воситалари эса мутахассислар томонидан жойига чиққан ҳолда кўрикдан ўтказилади.

 

Автомобиль эгаларига баҳоланган қиймат миқдорида нақд пул ёки махсус ваучер берилиши кўзда тутилмоқда. Ушбу ваучерлардан расмий дилерлардан янги автомобиль харид қилишда бошланғич тўлов сифатида фойдаланиш мумкин бўлади.

 

Лойиҳага кўра, янги автомобиль нархидан ваучер қиймати чегириб ташланади, қолган маблағ эса 2 йилдан 7 йилгача бўлган муддатда фоизсиз бўлиб-бўлиб тўланиши мумкин. Агар фуқаро ваучердан фойдаланишни истамаса, унинг қийматини бир ой ичида нақд пул шаклида қайтариб олиш ҳуқуқига эга бўлади.

 

Ҳозирги тартибга кўра, расмий дилерлардан янги автомобиль харид қилиш учун харидор одатда автомобиль қийматининг камида 30–50 фоизини бошланғич тўлов сифатида тўлаши, қолган маблағни эса 3–5 йил давомида фоизлар билан қоплаши талаб этилади.

 

Масалан, бугунги кунда қиймати 165 миллион сўм бўлган «Собалт» автомобилини сотиб олиш учун фуқаро камида 50 миллион сўм миқдорида дастлабки тўловни амалга ошириши керак бўлади.

 

Янги механизм эса айнан шу муаммони бартараф этишга қаратилган. Масалан, фуқаронинг эски «ГАЗ-24», «Москвич» ёки биринчи авлод «Нехиа» русумли автомобили бўлса, у утилизацияга топширилиб, бозор қиймати асосида баҳоланади. Мазкур автомобиллар техник ҳолатига қараб ўртача 5 миллион сўмдан 70 миллион сўмгача баҳоланиши мумкин.

 

Агар эски автомобиль энг кам қийматда — 5 миллион сўм деб баҳоланса ҳам, фуқаро янги «Собалт» харидида бошланғич тўловни амалга оширмайди. Автомобиль нархининг қолган 160 миллион сўмини 7 йил давомида ойига тахминан 1,9 миллион сўмдан мутлақо фоизсиз тўлаш имкониятига эга бўлади.

 

Агар автомобиль яхши сақланган бўлиб, 70 миллион сўм қийматида баҳоланса, янги автомобиль учун қоладиган сумма камаяди ва 7 йил давомида ойлик тўлов тахминан 1,13 миллион сўмни ташкил этади.

 

Агентлик таъкидлашича, мазкур тизим бир вақтнинг ўзида бир нечта муҳим вазифани ҳал этишга хизмат қилади. Хусусан, фойдаланилган, эскирган ёки носоз транспорт воситаларидан атроф-муҳитга етадиган салбий таъсирни камайтириш, автомобиль паркини босқичма-босқич янгилаш ҳамда фуқаролар учун янги автомобиль харид қилишни молиявий жиҳатдан қулайроқ қилиш кўзда тутилган.

 

Шу билан бирга, лойиҳа ҳали якуний кўринишга келтирилмаган бўлиб, ҳужжат жамоатчилик, мутахассислар ва манфаатдор томонларнинг таклифлари асосида янада такомиллаштирилиши маълум қилинди.

custom img

Президент банклар фаолиятини кескин танқид қилди: Уч ойда натижа бўлмаса, раҳбар лавозимини тарк этади

Вазирлик ва идораларга бюрократия, жарима ҳамда ортиқча йиғимларни қисқартириш бўйича бир ҳафталик муддат берилди.

custom img

Режаларни бажармаган раҳбарлар хотиржам ишлашга ҳақли эмас — Шавкат Мирзиёев

Ҳудуд ва тармоқ раҳбарларининг олти ойлик фаолияти танқидий таҳлил қилинди.

custom img

Ўзбекистонда 1,5 мингга яқин фуқаро ўзи бехабар ишга жойлаштирилган

Мурожаатлар асосида 143 та корхона раҳбарига нисбатан маъмурий ва жиноий чоралар кўрилди.

custom img

Ўзбекистонда исломий банк очиш учун янги талаблар белгиланди

Ислом ҳуқуқи ва молия йўналишидаги мутахассислар учун камида 5 ва 7 йиллик иш тажрибаси талаби жорий этилди.

custom img

Қорақалпоғистонда кредитга олинган BYD аукционда сотилди

Қарздор фуқаро банкдан кредит олиб, уни тўламаган. Шундан сўнг автомашина хатланиб, аукционга чиқарилган.

custom img

Тошкентда алиментдан қарздор ота чойхонадан топилди

Маълум бўлишича, сирдарёлик қарздор ота Тошкентда топилган, алимент қарзини иш берувчи тўлаб берган.

custom img

Ўзбекистонда электр энергияси истеъмоли рекорди янгиланди

Электр энергияси истеъмоли ва ишлаб чиқариш бўйича тарихий энг юқори кўрсаткич қайд этилди.

custom img

Тошкентда солиқ қарзи сабаб 3 та машина хатланди

Маълум бўлишича, қарздор МЧЖнинг солиқдан 69 млн қарзи бўлган.

Шаҳодатнома: №1346 Берилган сана: 28.05.2020

Ғоя муаллифи: Фирдавс Фридунович Абдухаликов

Асосчиси: "Master Media Production and Broadcast"