Россия ва Украина 532 нафар ҳалок бўлган ҳарбийнинг жасадини алмашди
Украина 501 нафар, Россия эса 31 нафар ҳарбийнинг жасадини қабул қилган.

Россия ва Украина урушда ҳалок бўлган 532 нафар ҳарбийнинг жасадини алмашди. Бу ҳақда The Moscow Times хабар берди.
Давлат думаси депутати Шамсаил Саралиевга кўра, Украина 501 нафар ҳарбий хизматчининг жасадини қабул қилган, эвазига эса Россияга 31 нафар ҳарбийнинг жасади топширилган.
Интерфакс агентлиги маълумотига кўра, алмашинув Беларус билан чегарага яқин ҳудудда амалга оширилган. Украина томони мазкур алмашинувни ҳозирча расман тасдиқламаган.
RBC қайд этишича, бу 2026 йил бошидан буён ҳалок бўлган ҳарбийлар жасадлари ёки ҳарбий асирлар алмашилган 13-ҳолат ҳисобланади.
Ҳалок бўлган ҳарбийларнинг жасадларини қайтариш ва ҳарбий асирларни алмашиш 2022 йилда Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланганидан буён икки давлат ўртасидаги кам сонли гуманитар ҳамкорлик йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда.
Қайд этилишича, Россия ҳарбийлари Украина томонини 6 июль куни ҳалок бўлган ҳарбийларнинг жасадларини алмашиш учун эълон қилинган олти соатлик ўт очишни тўхтатиш режимини рад этганликда айблаган. Украинадан бу даъвога расмий муносабат билдирилмаган.








