Дунёда 240 миллионга яқин ўсмир етарлича жисмоний фаол эмас — ЖССТ
Уларнинг атиги 14 фоизи ҳафтанинг барча кунларида камида бир соатдан фаол ҳаракат қилади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ўсмирларнинг жисмоний фаоллигига оид янги ҳисоботини эълон қилди. Таҳлил 140 мамлакатда 3,2 миллиондан ортиқ респондент иштирок этган 389 та сўров натижаларига асосланган.
Ҳисоб-китобларга кўра, дунё бўйлаб 11–17 ёшдаги қарийб 240 миллион ўсмир, яъни ҳар тўрт нафаридан бири, сўровда баҳоланган ҳафта давомида бирор кун ҳам етарли жисмоний фаоллик кўрсатмаган.
Бу уларнинг умуман ҳаракат қилмаганини англатмайди. Гап кун давомида фаол ҳаракатга сарфланган жами вақтнинг белгиланган меъёрга етмаганлиги ҳақида бормоқда.
Ҳафтадаги барча етти кунда камида 60 дақиқадан жисмоний фаол бўлган ўсмирлар улуши эса 14 фоизни ташкил этган.
ЖССТ мунтазам жисмоний фаоллик болаларнинг суяк ва мушаклари ривожланиши, юрак-қон томир саломатлиги учун муҳимлигини таъкидлайди. Шунингдек, у фикрлаш ва ўрганиш қобилиятини яхшилаш, руҳий саломатликни қўллаб-қувватлашга ҳам ёрдам беради.
Ташкилот 5–17 ёшдаги болалар ва ўсмирларга қуйидагиларни тавсия қилади:
-
Кунига камида 60 дақиқа ўртача ёки юқори даражадаги жисмоний фаоллик билан шуғулланиш;
-
Фаолликнинг асосий қисмини юрак уриши ва нафас олишни тезлаштирадиган аэроб машқлар ташкил этиши;
-
Ҳафтасига камида уч кун мушак ва суякларни мустаҳкамловчи машқлар бажариш.







