Тошкентдаги Умра можароси: Қирғизистон фуқароларига қўшни давлатлар орқали сафар қилмаслик айтилди
12 ноябрдан бери 104 нафар қирғизистонлик зиёратчи Тошкентда қолиб кетган.

Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармаси 104 нафар қирғизистонлик зиёратчининг Тошкент халқаро аэропортида қолиб кетиши ортидан фуқароларга вақтинча қўшни давлатлар орқали Умра сафарига бормасликни тавсия қилди. Бу ҳақда бошқарма расмий сайтида маълум қилинди.
Қайд этилишича, Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармасида Ҳаж ва Умра сафарларига тайёргарлик кўриш бўйича идоралараро комиссиянинг фавқулодда йиғилиши ўтказилган. Унда Тошкент аэропортида Саудия Арабистонига уча олмай қолган фуқароларнинг аҳволи ва уларни ватанга қайтариш масаласи муҳокама қилинган.
Йиғилишда Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари зиёратчиларнинг Тошкентдаги ҳолати ҳақида маълумот берган. Шунингдек, мамлакатнинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари билан уларнинг хавфсизлиги ва айни пайтдаги аҳволи муҳокама қилинган.
Комиссия «Nur Umra Travel» компанияси фаолиятини ҳам кўриб чиққан. Компания раҳбари вазият юзасидан тушунтириш бериш учун йиғилишга таклиф этилган. Зиёратчилар масаласини тезкор ҳал қилиш ва уларни Қирғизистонга қайтариш бўйича тегишли чоралар белгиланган.
Бундан ташқари, Қирғизистон муфтийси ўринбосари мамлакатнинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан биргаликда Тошкентга бориб, фуқаролар билан бевосита учрашиши режалаштирилган. Компания вакилларидан ҳам зиёратчилар ҳолидан хабар олиш ва муаммоларни ҳал қилишда фаол иштирок этиш талаб қилинган.
Муфтият фуқароларни вазият барқарорлашгунига қадар Умра сафарига бошқа қўшни давлатлар орқали бормасликка, сафар маълумотларини олдиндан аниқлаштиришга чақирди. Шунингдек, SalamAir, Air Arabia вa Flyadeal авиакомпаниялари Бишкек ва Ўш халқаро аэропортларидан Саудия Арабистонига рейсларни амалга ошираётгани маълум қилинган. Фуқароларга сафарларини Қирғизистондан бошлаш тавсия этилган.
Эслатиб ўтамиз, 104 нафар Қирғизистон фуқароси 12 ноябрдан бери Тошкентда қолиб, Саудия Арабистонига парвоз қилиш имкониятини кутмоқда. Улар орасида кексалар ва соғлиғи билан боғлиқ муаммолари бор фуқаролар ҳам мавжуд.







