Путин ва Си Цзиньпин учрашуви якунланди: нималар муҳокама қилинди?
Бу йил бошидан буён уларнинг бешинчи учрашуви бўлди.

Владимир Путин ва Хитой раиси Си Цзиньпиннинг музокаралари Хитойнинг Шэньчжэнь шаҳрида якунланди. Учрашув Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги (APEC) саммити доирасида бўлиб ўтди. Бу ҳақда TACC хабар берди.
Дастлаб икки давлат раҳбари делегациялар иштирокида кенгайтирилган таркибда музокара ўтказди. Шундан сўнг улар ишчи нонушта вақтида чекланган таркибда мулоқотни давом эттирган. Суҳбат жами икки соатдан ортиқ давом этган. Бу йил бошидан буён етакчиларнинг бешинчи учрашуви бўлди.
Музокараларда Россия ва Хитой ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда халқаро масалалар муҳокама қилинган. Путин икки давлат янада адолатли кўп қутбли дунё тартибини шакллантиришга конструктив ёндашувга содиқ эканини таъкидлаган.
Си Цзиньпин эса мамлакатлар ўртасидаги муносабатларни ҳар қандай қийинчиликларга қарамай, ўзгаришсиз мустаҳкам турадиган тоғга қиёслаган.
Путиннинг маълум қилишича, икки давлат ўртасида визасиз режим жорий этилганидан кейин Россия ва Хитой ўртасидаги сайёҳлар оқими 43 фоизга ошган.
Эслатиб ўтамиз, APEC саммити 18–19 ноябрь кунлари Шэньчжэнь шаҳрида бўлиб ўтмоқда. Саммитнинг сўнгги кунида Путин, Си Цзиньпин ва АҚШ президенти Дональд Трамп иштирокида илк уч томонлама учрашув ўтказилиши режалаштирилган.








