Украинага яна 45 миллиард евро: Европа Комиссияси янги ёрдам пакетини таклиф қилди
Бу мамлакатнинг келгуси йилги 70 миллиард евролик молиявий эҳтиёжининг учдан икки қисмини қоплайди.
Европа Комиссияси Украинага 2027 йилда 45 миллиард еврогача қўшимча молиявий ёрдам ажратишни таклиф қилди. Ушбу маблағ аввал тасдиқланган 2026–2027 йиллар учун 90 миллиард евролик кредит дастурига қўшимча бўлади.
Европа Комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен Брюсселда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Украинага 2027 йилда жами 70 миллиард евро маблағ керак бўлишини, янги таклиф эса ушбу эҳтиёжнинг учдан икки қисмини қоплашга қаратилганини маълум қилган.
Унинг сўзларига кўра, қолган 25 миллиард евро халқаро ҳамкорлар томонидан таъминланиши мумкин. Европа Комиссияси Буюк Британия, Норвегия, Япония ва Канада маблағларини жалб қилишни таклиф қилмоқда.
Европа Комиссияси Украинага қўшимча ёрдам мамлакатнинг келгуси йилги молиявий тақчиллигини қоплаш, аҳоли ва инфратузилмани ҳимоя қилиш, шунингдек, мактаблар ва шифохоналарнинг фаолиятини давом эттиришга ёрдам беришини билдирган.
Янги ёрдамни тасдиқлаш учун Европа Иттифоқига аъзо 27 давлатнинг қўллаб-қувватлаши талаб этилади. Financial Times маълумотларига кўра, Венгрия, Словакия, Чехия ва Болгария Украинани кейинги молиялаштиришда иштирок этишга қарши эканини билдирган.
Қонунчилик таклифлари энди кўриб чиқиш ва қабул қилиш учун Европа Парламенти ҳамда Европа Иттифоқи Кенгашига юборилади.








