Россия ва Украина ўзаро зарбаларни давом эттирмоқда: нефть заводлари ва турар жойлар нишонга олинди
Украина зарбалар Россия армиясини ёқилғи билан таъминлайдиган корхоналарга қаратилганини билдирди. Россиянинг Одессага ҳужуми оқибатида 4 киши ҳалок бўлди.

Украина Қуролли кучлари Бош штаби 18 ноябрь куни Илск ва Афипск нефтни қайта ишлаш заводларига зарба берилганини маълум қилган. Ҳужумлар 17 ноябрь куни ва 17 ноябрдан 18 ноябрга ўтар кечаси амалга оширилган.
Украина томони маълумотига кўра, Илск заводидаги нефть сақлаш резервуарлари, Афипск заводидаги эса қайта ишлаш қурилмаси нишонга олинган. Ҳар икки корхона 15 ноябрдан 16 ноябрга ўтар кечаси ҳам ҳужумга учраган.
Бош штабнинг билдиришича, иккала завод йилига жами қарийб 95 миллион баррель нефтни қайта ишлаш қувватига эга. Улар Россиянинг Украина жануби ва шарқидаги фронт чизиғида жанг қилаётган қўшинларини ёқилғи билан таъминлайди.
Россия расмийлари Краснодар ўлкасидаги иккита саноат объектига ҳужум қилинганини билдирган, бироқ уларнинг номи ва етказилган зарар ҳақида маълумот бермаган.
Украина президенти Володимир Зеленский 18 ноябрь куни мамлакатда ишлаб чиқарилган қуроллар самарадорлигини юқори баҳолади. Унинг айтишича, Украина узоқ масофага учувчи дронлари ва ракеталари 16 ноябрдан 17 ноябрга ўтар кечаси Россияни босиб олинган Қрим билан боғловчи Керч кўпригига қарши уюштирилган кенг кўламли ҳужумда қўлланган. Операцияга бир неча ҳафта тайёргарлик кўрилган.
Зеленский Украина технологик ривожланиш бўйича дунёдаги етакчи учта давлат қаторига киришини, Европада эса биринчи ўринда эканини айтган. Унинг таъкидлашича, Керч кўпригига берилган зарба Россиянинг Украинага давом этаётган ҳужумларига жавоб бўлган. Кўприкдаги транспорт қатновининг издан чиқиши Россия қўшинларига фронт чизиғида зарур таъминотни етказишга ҳам таъсир қилиши мумкин.
БМТнинг Украинадаги Инсон ҳуқуқлари мониторинги миссияси 18 ноябрь куни октябрь ойидаги ҳужумлар оқибатларини маълум қилди. Унга кўра, ўтган ой камида 372 нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган, 1 981 киши яраланган. Бу 2025 йил октябридаги кўрсаткичдан 95 фоизга кўп. Миссия раҳбари Даниэлле Bell’нинг айтишича, 2026 йилнинг дастлабки 10 ойида тинч аҳоли орасидаги ўлимлар сони 2025 йилнинг бутун йилидаги кўрсаткичдан ошиб кетган.
Украина бош вазири Сергей Корецкий Россия дронлари 17 ноябрдан 18 ноябрга ўтар кечаси ва 18 ноябрь куни эрталаб мамлакатнинг бешта вилоятидаги энергетика объектлари, фуқаролик корхоналари ва турар жойларга ҳужум қилганини билдирган.
Маҳаллий расмийлар маълумотига кўра, 18 ноябрь куни Россиянинг Одессага берган зарбаси оқибатида тўрт киши ҳалок бўлган. Россия Мудофаа вазирлиги эса 18 ноябрга ўтар кечаси Одесса вилоятидаги Измаил портига дронлар билан зарба берилганини маълум қилган.
Шунингдек, 18 ноябрь куни Харкив вилоятидаги бозорга уюштирилган дрон ҳужуми оқибатида 12 киши, жумладан, 11 ёшли бола яраланган.







