Россия-Украина урушида янги босқич: музокаралар, хорижлик аскарлар, Шимолий Корея ва янги мобилизация хавфи
Россия-Украина уруши беш йилдан ошган бир пайтда томонлар ўртасидаги музокаралар яна кун тартибига чиқмоқда. Бироқ музокара столига ўтишдан олдин Москва ҳам, Киев ҳам фронтдаги позициясини имкон қадар кучайтиришга уринмоқда. Россияда эса урушни давом эттириш учун инсоний ресурс масаласи тобора долзарб бўлиб бормоқда.

Россия хорижий фуқароларни ҳарбий хизматга жалб қилишни кучайтирмоқда, Шимолий Корея билан ҳарбий ҳамкорлик эса янги босқичга чиқди. Шу билан бирга, Россияда навбатдаги кенг кўламли мобилизация эҳтимоли ҳақидаги мунозаралар ҳам кучаймоқда.
Бу жараёнлар Россия-Украина урушининг кейинги босқичига қандай таъсир қилиши мумкин? Музокаралар бошланиши учун томонларга нима керак? Россия нима сабабдан хорижлик жангчиларга таянмоқда? Шимолий Кореянинг урушдаги иштироки қанчалик муҳим? Янги мобилизация Россия учун қандай оқибатларга олиб келиши мумкин?
Шу саволлар юзасидан Zamon.uz журналисти Шоҳжаҳон Мажидов сиёсатшунос Мухтор Назиров билан суҳбатлашди.
Журналист: Россия-Украина уруши бошланганига беш йилдан ошди. Бироқ томонлар ҳали ҳам бир қарорга келгани йўқ. Сўнгги маълумотларга кўра, Украина президенти Володимир Зеленский Россияга музокаралар учун ўз шартларини билдирган. Россия эса Украина томонидан ҳеч қандай шарт келмаганини айтмоқда. Хўш, аслида музокаралар бўйича қандайдир таклиф юборилганми? Шунингдек, сўнгги маълумотларда Россия урушда катта талафотлар кўргани айтилмоқда. Аслида вазият қандай?
Мухтор Назиров: Ҳар қандай можаро охир-оқибат музокаралар билан якунланиши олдиндан маълум. Фақат музокараларга томонлар қандай шароитда ва қандай шартлар билан келиши муҳим. Яъни кимнинг позицияси кучли, кимники эса ожиз эканлиги катта аҳамиятга эга.
Ҳозир музокараларни бошлашга тўсқинлик қилаётган асосий омил шуки, ҳар икки томон ҳам урушдан ғалаба қозонган ҳолда чиқиб, музокара столига ўтиришни истаяпти. Бу эса амалда имконсиз. Ўртада ким воситачи бўлишидан қатъи назар, ҳар икки томон ҳам нимадандир воз кечиши керак.
Ҳозир уруш шундай бир босқичга келдики, ким маънан ҳақ, ким маънан ноҳақ деган масала кун тартибида эмас. Маънавий ва ҳуқуқий жиҳатдан олиб қаралганда, бу Украина ҳудудида бўлаётган уруш ва Украина халқаро тан олинган ҳудудларини қайтариб олишга ҳақли. Амалда эса вазият анча ўзгарган.
Уруш вайронкор ва ресурслар учун кураш босқичига кириб бўлди. Яъни охирги ресурс қолгунча давом этадиган урушга айланмоқда. Ресурс деганда нимани назарда тутяпмиз? Бу қурол-яроғ, инсоний ресурс, молиявий ресурс, шунингдек, урушни давом эттиришга бўлган қатъий ишонч, яъни жамиятнинг “урушни давом эттирамиз” деган кайфияти.
Ҳозир рақобат мана шу ресурслар атрофида кечмоқда.
Музокаралар ҳар қандай ҳолатда ҳам бўлади. Музокарачи ролини бажаришга АҚШ уриниб кўрди. Бундан аввал Стив Уиткофф ва Жаред Кушнернинг фаолияти ҳақида хабарлар бўлган. Доналд Трампнинг бу жараённи қайта бошлаш бўйича ташаббусларини ҳам кўрдик.
Яқин кунларда айнан шу музокарачилар Киевга ташриф буюриши, аввал Украина томони билан, кейин эса Москва билан мулоқот қилиши ҳақида маълумотлар тарқалди. Ҳозирча унинг аниқ саналари маълум эмас.
Демак, томонлар музокаралар бошланишидан олдин ўз позициясини яхшилашга ва воситачилик функциясини бажараётган АҚШга ўз имкониятлари юқори эканини, шунингдек, музокараларда кўпроқ натижа талаб қилишга ҳақли эканини кўрсатишга уринмоқда.
Бу жараён дрон зарбалари ва инфратузилмага берилаётган ҳужумларда ҳам кўринмоқда. Масалан, яқинда Украина томонидан январь ойидан бошлаб “фаол мудофаа” деб номланган операция олиб борилаётгани ҳақида маълумот берилди. Яъни бу оддий ҳужум эмас, фаол мудофаа операцияси сифатида таърифланмоқда. Унинг натижасида Украина ҳам Россияга катта талафотлар етказди ва айрим ҳудудларда, жумладан, Запороже йўналишида маълум ҳудудларни озод қилди.
Биз ҳозир мана шу жиҳатларни биламиз.
Журналист: Аммо Россиянинг зарбалари Ғарб ОАВ томонидан у қадар кенг ёритилмаётгандек таассурот пайдо бўлади. Россиянинг ҳар бир zarbasida...
Мухтор Назиров: Ҳа, бу ҳам амалга ошмоқда. Украина томонидан берилаётган хабарларга эътибор берсангиз, ҳар бир ҳужумдан кейин камида икки-уч нафар, айрим ҳолларда беш нафаргача инсон ҳалок бўлаётгани ҳақида хабарлар чиқади. Яъни бу ҳалокатли зарбалар.
Аммо шундай тасаввур пайдо бўлмаслиги керакки, Россия фақат Украина фуқароларини нишонга оляпти ёки тинч аҳоли истиқомат қиладиган инфратузилмаларга зарба беряпти. Йўқ. Ҳарбий объектлар, логистика марказлари, почта инфратузилмаси, энергетика объектлари, дрон ишлаб чиқарадиган корхоналар ва саноат ҳудудларига ҳам зарбалар берилмоқда.
Лекин биз ахборот маконида яшаяпмиз. Ахборот оқимида асосий урғу кўпроқ гуманитар жиҳатга қаратилмоқда. Яъни фақат тинч аҳоли яшайдиган ҳудудларга ҳужум қилинаётгандек тасаввур пайдо бўлади.
Аслида эса бундай эмас. Томонлар, биринчи навбатда, ҳарбий объектларни нишонга оляпти. Лекин уруш шундай нарсаки, ҳамма вақт ҳам режа бўйича кетмайди.
Дронлар узоқ масофага учган сари ўз траекториясини йўқотиши мумкин. Дронларга қарши воситалар ишга солинганда унинг йўналиши ўзгаради ёки уриб туширилганида унинг айрим қисмлари бошқа жойга тушиб, у ерда портлаш юз бериши мумкин.
Ёки урушнинг психологик қийматини ошириш учун Украина зарбаларининг қаерга қаратилаётганига эътибор берайлик. Уларнинг мақсадларидан бири Россияда уруш кайфиятини шакллантириш. Яъни уруш қандайдир узоқ жойда содир бўлаётган ҳодиса эмас, балки Украина ҳудудида, чегарада ва Россиянинг ўзида ҳам содир бўлаётганини кўрсатиш.
Украина Россия жамиятига уруш йилларида украиналиклар қандай яшаганини тасаввур қилдиришга ҳаракат қилмоқда.
Бу жараёнда оммавий ахборот воситалари ҳам муҳим роль ўйнайди. Ҳатто Украина зарбалари оқибатида Россия фуқаролари ҳалок бўлса ҳам, бу ҳолат “Украинада ҳам шунча одам ҳалок бўлди” деган аргумент билан изоҳланишга уринмоқда.
Аслида эса бу икки ҳолатни бир-бирига қарама-қарши қўйиш ҳам тўғри эмас.
Журналист: Демак, Украина халқаро ва маҳаллий медиадаги имкониятлардан яхши фойдаланяпти, демоқчимисиз?
Мухтор Назиров: Жуда кучли фойдаланяпти. Ғарб медиаси бу жараённи кўпроқ Украина нигоҳи билан ёритмоқда.
Журналист: Лекин Россия томонидан туриб ёритаётган медиалар ҳам мавжудку. Россиядан ташқарида, масалан, Хитой манбаларини, Шимолий Корея ва Африка манбаларини ҳам айтиш мумкин.
Мухтор Назиров: Жаҳон оммавий ахборот воситаларининг асосий ва катта қисмини барибир Ғарб ОАВ ташкил қилади. Бу ерда Г7 давлатларининг медиаси ҳам катта роль ўйнайди.
Россия томонидан ёритилаётган хабарларда ҳам, Украина томонидан берилаётган хабарларда ҳам бир нарсани унутмаслик керак: уруш, аввало, ахборот урушидир.
Шунинг учун пропаганда кучли бўлади. Ҳар бир томон рақибини ожиз, ўзини эса кучли қилиб кўрсатишга ҳаракат қилади. Берилган зарба натижасида объект бутунлай яксон қилингани, жуда катта талафот етказилгани ёки ҳарбий техникалар йўқ қилингани ҳақида хабар берилади.
Аслида ҳам шундайми ёки йўқми — буни аниқ билиш қийин. Урушнинг якуний баҳосини эса ердаги вазият акс эттиради. Фронт силжияптими ёки йўқми? Масалан, Украинанинг шарқий қисмида фронт Россия томонидан, йўқотишларга қарамай, силжиб бораётгани — факт.
Украинанинг айрим ҳудудларни, хусусан, Херсон ва Запороже вилоятларининг айрим қисмларини озод қилгани ҳам факт. Хариталарда буни кўриш мумкин.
Лекин кундалик зарбалар ва уларнинг натижалари борасидаги хулосаларнинг катта қисми пропаганда билан боғлиқ.
Бунинг мақсади жамоатчиликка, хусусан, Украина жамиятига ғалаба қозонилаётгани ҳақидаги тасаввурни бериш ва қаршилик кўрсатишни давом эттириш борасидаги қўллаб-қувватловни сақлаб қолишдир.
Ҳозирги кунда Украина жамиятида уруш Украина ғалабаси билан якунланмагунча давом этиши керак, деган фикрни қўллаб-қувватловчилар кўп.
Россияда ҳам худди шундай ахборот сиёсати олиб борилмоқда. Зарба берилган объектлар, ҳарбийлар, асирлар ёки асирлар алмашинуви ҳақида маълумотлар берилади.
Асирлар алмашинувида ҳам пропаганда элементи мавжуд. Қанча кўп асир ёки ҳалок бўлган аскар алмашилса, ички аудиторияга шунча кўпроқ “биз ғалаба қозоняпмиз, душманга катта талафот етказяпмиз, ташаббус биз томонда” деган сигнал берилади.
Буларнинг барчаси информацион фонни шакллантиради.
Россия ахборот маконидаги асосий мақсадлардан бири Ғарбнинг Украинани қўллаб-қувватлаш шаштини пасайтириш. Яъни “Украина барибир бу урушда мағлуб бўлади, уни қўллаб-қувватлаш бефойда, яхшиси Россия билан келишиш керак ва Россиядан яна арзон энергетика олиш орқали иқтисодиётни тиклаш лозим”, деган мазмун илгари сурилади.
Украина ахборот маконида эса бошқа нарратив мавжуд: Россия ожизлашган, катта йўқотишларга дуч келган, санкциялар таъсир кўрсатмоқда ва узоқ муддатли уруш олиб бориш имконияти чекланмоқда.
Шунингдек, “Россия ҳеч қачон ядро қуролидан фойдалана олмайди, бу кўпроқ шантаж воситаси”, деган қараш ҳам илгари сурилади.
Яъни Украинани қўллаб-қувватлаш орқали Европани ҳам ҳимоя қилиш мумкин, Украина мағлуб бўлса, Европа ҳам ютқазади, деган хабар илгари сурилмоқда.
Журналист: Шундай тенденция ҳам мавжуд эди. Масалан, урушнинг иккинчи ёки учинчи йилида Германия канцлери Украина ютқазса, Россиянинг кейинги нишони Европа бўлиши мумкинлигини айтган эди. Шу сабабли Европа мудофаага кўпроқ маблағ сарфлаши ва мудофаа салоҳиятини кучайтириши кераклигини таъкидлаган. Ҳатто Британия қўмондонлари Украинадаги ҳужумлар амалга оширилган ҳудудларга бориб, у ерда амалиётлар билан танишган.
Мухтор Назиров: Назаримда, бу ерда Украина дипломатиясининг ғалабаси ҳақида гапириш мумкин. Украина Ғарб давлатларини ўз позициясига ишонтира олди.
Буча ва Ирпин каби ҳудудларга ташрифлар, Россия ҳудудига дрон зарбаларининг берилиши, баллистик ракеталар ишлаб чиқарилиши ҳақидаги баёнотлар — буларнинг барчаси Украина ҳарбий салоҳиятини кўрсатишга қаратилган.
Ҳатто баллистик ракеталар ишлаб чиқарилаётгани ва уларнинг тақдимотлари ўтказилгани ҳақида ҳам маълумотлар бор. Бироқ уларнинг жанг майдонидаги амалий натижалари ҳақида ҳозирча етарли маълумот йўқ.
Қанотли ракеталар ҳам қўлланмоқда.
Бу каби фаолият қандай пайдо бўлди? Назаримда, Украина Россиядан катта ҳажмдаги жавоб зарбалари бўлмаслигига маълум даражада ишонч ҳосил қилган.
Журналист: Сўнгги маълумотларга кўра, Россияда нафақат қурол-яроғ, балки аскарлар етишмовчилиги ҳам юзага келмоқда. Бунга далил сифатида Россиянинг ўз фуқаролари, мигрантлар ва бошқа давлатлардан одамларни урушга ёллаётгани ҳақидаги маълумотларни келтириш мумкин.
Ҳиндистондан ҳам шундай хабарлар чиқди. Ҳатто Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди Россияга нота юбориб, ҳиндистонликларни ватанига қайтариш ва уларни урушга ёлламаслик масаласини кўтарган эди.
Африка давлатларидан ҳам ёлланаётганлар борлиги ҳақида маълумотлар чиқмоқда. Шунингдек, Шимолий Кореянинг 50 мингга яқин аскари Россия томонидан Украинага қарши урушда иштирок этгани ҳақида маълумотлар бор. Зеленский ҳам бу борада видеолар ва ҳужжатларни эълон қилган.
Россия бундан кейин ҳам шу йўсинда давом этадими? Яъни ўз иттифоқчиларидан, хусусан, аскар жиҳатидан ҳарбий ёрдам олишни давом эттирадими? Шимолий Кореядан қурол-яроғ олаётгани ҳақида ҳам хабарлар бор.
Мухтор Назиров: Россиядаги вазиятни кузатар эканмиз, очиқ манбалардаги маълумотлардан хулоса қиладиган бўлсак, ёлланма аскарларни шартнома асосида фронтга юбориш тенденцияси кучли.
Бу жараён Африка, Яқин Шарқ, Ҳиндистон, бошқа хорижий давлатлар ва Лотин Америкаси мамлакатларини ҳам қамраб олмоқда.
Улар кўпинча урушга тўғридан-тўғри жалб этилмайди. Уларга меҳнат ёки фронт ортидаги ишлар учун катта маош ваъда қилинади. Келганидан кейин эса оғир ижтимоий-психологик вазиятга тушириб, шартнома имзолашга мажбурлаш ҳолатлари кузатилади.
Марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари билан боғлиқ ҳолатлар ҳам шундай. Уларнинг аксарияти меҳнат муҳожири сифатида Россияга боради, кейинчалик эса айримлари мажбурлик ёки бошқа йўллар билан фронтга жўнатилаётганини кўрамиз.
Бу, албатта, фронтдаги талафотлар юқори эканидан далолат беради.
Журналист: Чунки талафотлар юқори эканини бир томондан шундан ҳам кўриш мумкин эмасми? Ҳатто ҳарбий тайёргарлиги бўлмаган одамларни ҳам пул эвазига урушга юборишмоқда.
Мухтор Назиров: Ҳа. Агар бу маълумотларга эътибор қаратсангиз, у ерда тайёргарлик жараёни ҳам у қадар профессионал даражада эмас. Масалан, икки ҳафталик тайёргарлик босқичида асосан автоматдан отиш каби бошланғич кўникмалар ўргатилади.
Уруш ҳозир шундай бир ресурслар курашига айланганини айтяпмизку. Украина учун асосий чекланган ресурс — инсоний ресурс. Россияда эса бу ресурс Украинага нисбатан бир мунча кўпроқ.
Америка махсус хизматлари раҳбари ҳам Россия армиясининг фронтдаги ойлик йўқотишлари ҳақида маълумот берган. Айрим маълумотларга кўра, ойига ўртача 30–35 минг россиялик ҳарбий ҳалок бўлади.
Бу нимани англатади? Россия...
Журналист: Бу ҳужумга ўтаётганидан далолат беради. Ҳужум пайтида кўпроқ талафот бўлади.
Энди Алексей айтаётган масаланинг иккинчи томонини ҳам кўришимиз керак. Украина ҳудудида фақат украиналик аскарлар жанг қилмаяпти. Грузия, Марказий Осиё, Лотин Америкаси ва Европа мамлакатларидан келган жангчилар ҳам бор. Ахборотнинг бу томонини ҳам ҳисобга олиш керак.
Мухтор Назиров: Украинада ҳам Марказий Осиёлик, европалик ва АҚШлик аскарлар Украина томонидан туриб Россияга қарши урушаётгани ҳақида хабарлар чиқади.
Лекин ўйлайманки, Украина Россиячалик кўп хорижлик аскарларни қабул қилмаяпти.
Журналист: Биргина Шимолий Кореянинг ўзида 50 мингга яқин аскар борлиги айтилмоқда.
Мухтор Назиров: Йўқ, бу борада турли хил хабарлар мавжуд. Аввало, Украина томонини гапириб олайлик.
Украинада ҳам интернационал батальонлар мавжуд. Беларусликлар, собиқ ҳарбийлар, европаликлар, америкаликлар, Лотин Америкаси давлатлари, Марказий Осиё мамлакатларидан келганлар, ҳаттоки Чеченистон ва Грузиядан келганлар ҳам бор. Улар фронтнинг айрим қисмларида фаолият юритмоқда.
Яъни бу масала фақат бир томонлама эмас. Тўғри, улар ҳужумга ўтмаётган, мудофаани амалга ошираётган бўлиши мумкин. Лекин Украина томонида ҳам хорижлик жангчилар бор.
Шимолий Кореяликлар масаласига келадиган бўлсак, Шимолий Корея Россия билан иттифоқчилик муносабатларига эга. Уларнинг асосий ҳарбий кўмаги Курск операцияси даврида кузатилди.
Ҳозирча Шимолий Корея аскарлари Украина ҳудудида тўлақонли жанг олиб бораётгани ҳақида аниқ ва тасдиқланган маълумот йўқ.
Мухтор Назиров: Курскдаги жангларда ҳалок бўлган Шимолий Корея аскарлари сони бўйича турли рақамлар айтилмоқда. Айрим маълумотларда 2,5 мингдан ортиқ ҳарбий ҳалок бўлгани қайд этилади. Агар жами 10 минг аскар юборилган бўлса, уларнинг 2,5 мингдан ортиғи у ерда ҳалок бўлган, деган маълумотлар бор.
Бу борада ҳатто монумент ташкил этилгани ҳақида ҳам хабарлар мавжуд.
Россия ва Шимолий Корея ўртасидаги шартнома мазмунидан келиб чиқадиган бўлсак, у биргаликдаги мудофаани назарда тутади ва бу, асосан, икки мамлакат ҳудудига тегишли. Учинчи мамлакатга қарши агрессия назарда тутилмаган, балки мудофаа масаласи кўзда тутилган.
Ҳозирги сўнгги маълумотларга кўра, Украина томонидан тарқатилаётган хабарларда Россия ҳудудининг Украинага чегарадош Воронеж ва бошқа ҳудудларида 30 мингга яқин Шимолий Корея аскари тўплангани айтилмоқда.
Шунингдек, Шимолий Корея ўзининг ҳарбий техникаси билан келгани, ҳатто Запороже вилоятидаги объектларга Шимолий Корея ракеталари ёрдамида зарбалар берилгани ҳақида ҳам маълумотлар чиқмоқда.
Демак, Шимолий Корея маълум маънода бу урушда Россия томонида иштирок этаётган кучга айланган.
Лекин ҳозирча Украина ҳудудида Шимолий Кореянинг мунтазам армияси, тўғрироғи, катта сонли аскарлари иштирок этаётгани ҳақида тасдиқланган маълумотлар йўқ. Фақат баёнотлар ва турли талқинлар мавжуд.
Шунинг учун бу вазиятни кузатиш керак.
Ҳозирги жараён кўпроқ нимага ўхшайди? Назаримда, Шимолий Корея бу уруш давомида муайян иқтисодий манфаатларни кўра олди.
Турли маълумотларга кўра, уруш бошланганидан бери Шимолий Кореянинг ялпи ички маҳсулоти сезиларли даражада ўсган. Ҳатто 22 миллиард АҚШ доллари атрофидаги рақамлар ҳам тилга олинмоқда.
Бу маблағ тўғридан-тўғри пул кўринишида бўлмаслиги мумкин. Шимолий Корея ракеталар эвазига озиқ-овқат, ёқилғи ёки ҳарбий технологиялар олган бўлиши мумкин.
Улар ҳозир сувости кемалари ёки ядро қуролини таший оладиган кемалар яратишга ҳам катта эътибор қаратмоқда. Яъни Россия технологияларидан фойдаланишга ҳаракат қилмоқда.
Уларнинг ўртасидаги келишувларда қандай бандлар борлигини биз билмаймиз. Лекин Шимолий Корея ва Россия муносабатлари, айниқса, ҳарбий ва мудофаа масалаларида сўнгги пайтларда жуда тез ривожланаётганини кўряпмиз.
Бу урушга қандай таъсир кўрсатади, десангиз, муайян таъсир аллақачон мавжуд. Масалан, етишмаётган ракеталар масаласида Шимолий Корея Россияга ёрдам бермоқда.
Агар Шимолий Корея аскарлари Украина ҳудудида тўғридан-тўғри қатнашадиган бўлса, бу Жанубий Корея ёки АҚШ томонидан бошқача талқин қилиниши мумкин. Натижада Украинага ёрдам ҳажми ҳам ошиши эҳтимоли бор.
Уруш шунақа — бу ўзаро жавоб қайтаришга асосланган уруш. Бир томон қадам ташласа, худди шахмат тахтасидаги юришга ўхшаб, иккинчи томон ҳам жавоб юришини амалга оширади.
Журналист: Демак, бир томоннинг ҳаракати иккинчи томоннинг жавоб ҳаракатига сабаб бўлади.
Мухтор Назиров: Ҳа. Ҳозирги жараёнларни кузатадиган бўлсангиз, АҚШ маълум даражада Украинани қўллаб-қувватлаш позициясига қайтаётгандек.
АҚШ аввалгидек разведка маълумотларини тақдим этаётгани, Украинанинг тактик устунликни қўлга киритаётгани ҳақидаги баёнотлар, Трамп ва Марк Рубионинг чиқишлари — буларнинг барчаси Украина урушда муайян устунликка эга бўлаётганини кўрсатади.
Урушнинг кейинги тақдири кўпроқ жанг майдонида ҳал бўлиши ҳақидаги баёнотлар ҳам шундан далолат беради.
Агар сиз бўлажак музокараларда муваффақият қозонмоқчи бўлсангиз, аввало бу муваффақиятни ерда тасдиқлашингиз керак.
Масалан, Россиянинг Украина дронлари ва ракеталарини тутиб олиш имконияти чекланган бўлса, бундай позиция билан Россия музокараларда кучли натижага эриша олмайди.
Украинанинг ҳам ўзига хос ожиз нуқталари бор. Бу — ҳаво мудофааси тизимлари ва ракеталар етишмовчилиги.
Ҳозир Россия Киев, Киев вилояти, Суми вилояти ва бошқа ҳудудларга тўсиқларсиз зарбалар бера оляпти. Мана шундай ҳолатда музокарага кирса, Украина қандай натижаларни талаб қила олади?
Демак, ҳар икки томон ҳам маълум даражада ожиз. Мутлақ устунлик бирор томоннинг қўлида эмас. Ҳар бир томоннинг ўзига хос устунликлари бор, аммо улар ўз устунликларидан ҳал қилувчи натижа чиқаришга қийналмоқда.
Украина президенти ҳам ҳозир АҚШдаги мавжуд захираларнинг 5 фоизи етарли эканини айтмоқда. Унинг таъкидлашича, Украина энг кўп қурол олаётган пайтда ҳам АҚШ захираларидаги ракеталарнинг 2 фоизини олган.
Агар АҚШ 5 фоиз ҳажмидаги ракеталарни берса, Украина мудофааси тўлиқ таъминланади, 10 фоиз берилса, урушни олдинроқ якунлаш мумкин, деган баёнотлар янграмоқда.
Демак, музокараларда Украинанинг асосий ожиз нуқталаридан бири — ракеталар масаласи.
Журналист: Сўнгги маълумотларга кўра, Россия томонидан қарийб 10 йилдирки, аҳоли сони, аҳолининг ўсиш динамикаси ва демографияси ҳақида етарли маълумот берилмаяпти.
Ғарб медиаси маълумотларига кўра, Россия урушга кирганидан бошлаб, ҳатто ундан олдин ҳам демографик қариш жараёнини бошдан кечирмоқда. Ёш авлод сони камаймоқда.
Бу ҳолат урушга қанчалик таъсир қилиши мумкин? Хабарларга кўра, Россия яқин вақт ичида яна ҳарбий чақирувни амалга оширмоқчи.
Аввалги сафар ҳам Россияда кўплаб ёшлар ва бадавлат фуқаролар мамлакатни тарк этган эди. Бу жараён яна такрорланиши, Россия фуқароларининг мамлакатдан чиқиб кетиши кучайиши мумкинми?
Мухтор Назиров: Ҳа, сиз мобилизация ҳақида гапиряпсиз. Назаримда, мобилизация шу пайтгача тўхтамаган.
Агар ойига 30 минглаб йўқотишлар бўлаётган бўлса, уларнинг ўрнини яна 30 минг киши билан тўлдириш керак. Фронтда бўшлиқ пайдо бўлиши мумкин эмас.
Журналист: Агар армияга ёки ҳарбий чақирувга бормаганларга нисбатан Россия қонунчилигида катта жарималар ва мажбуран урушга юбориш каби чоралар белгиланганми?
Мухтор Назиров: Жинойий жавобгарлик ҳам мавжуд. Умумий сафарбарлик, яъни мобилизация эълон қилинган пайтда, қоидага кўра, муайян даражада ҳарбий ҳолатга яқин вазият юзага келади.
Бунда фуқаронинг чақирувгача бўлган даврдаги айрим ҳуқуқлари чекланади. Яъни у белгиланган талабларга бўйсуниши керак.
Агар фуқаро чақирув ёшида бўлса ва тиббий талабларга жавоб берса, у ҳарбий мажбуриятини бажариши керак.
Ҳозир эса расмий умумий мобилизация эълон қилинмаган ҳолатда бу жараён кўпроқ яширин шаклда, муҳожирлар, урушга бориш истагида бўлганлар, катта пул эвазига ёлланаётганлар ёки қамоқхоналардаги маҳбуслар ҳисобига амалга ошириб келинмоқда.
Назаримда, энди бу ҳам етарли бўлмаяпти.
Айрим манбаларга қарайдиган бўлсангиз, яширин равишда амалга оширилаётган мана шундай сафарбарлик натижасида қарийб 25–30 минг атрофида инсон йиғилади.
Лекин фронтдаги ойлик йўқотишлар 30 минг, айрим пайтларда эса 35 минг кишига етади. Бундай вазиятда ҳатто сафарбар қилинган инсонларни ҳарбий тайёргарликдан ўтказишга ҳам вақт етмайди.
Уларнинг ўрнини тезроқ тўлдириш керак.
Фронтнинг узунлиги 1000 километрдан ошади. Агар айрим ҳудудларда аскарлар бўлмаса, Украина уларни қаршиликсиз эгаллаб олиши мумкин.
Шунинг учун Россия барибир мобилизация қилишга мажбур.
Ҳозир кўпроқ айтилаётган фикрлардан бири шуки, сентябрь ойидаги сайловлардан кейин ҳокимият қайта легитим кучга эга бўлади.
Журналист: Шу саволни бермоқчиман: сайловлар Россиянинг Украинага қарши урушини қанчалик ўзгартириши мумкин ёки бундан умид қилишнинг ҳожати йўқми?
Мухтор Назиров: Урушни ўзгартириш учун Россияга, назаримда, музокаралардан олдин битта катта жанг керак. Катта юриш ва катта натижага эришиш зарур.
Бу, албатта, кўпроқ йўқотишлар ҳисобига бўлиши мумкин. Бунинг учун эса катта мобилизацион ҳаракатларни амалга ошириш керак.
Мобилизация учун унинг легитим асосларини мустаҳкамлаш зарур.
Сайловдан кейин Давлат думаси яна беш йилга мандат олади. Урушни қўллаб-қувватлаётган партиялар асосан парламентда қолади.
Улар парламентга қайта сайланганидан кейин “биз халқ иродасини намоён этишимиз керак”, деган позицияни илгари суриши мумкин.
Мухтор Назиров: Яъни “урушни давом эттириш бўйича мандатни олдик, мобилизацияни эълон қиламиз, бу қонунларга ҳам тўғри келади”, деган ёндашув пайдо бўлиши мумкин.
Шу асосда катта ҳарбий ҳаракатни амалга ошириш эҳтимоли бор.
Бу — биринчи жиҳат.
Иккинчи жиҳат эса қишдан олдинги давр билан боғлиқ. Қиш пайтида Россия учун катта ҳарбий юришларни амалга ошириш қийинлашади.
Бунинг ўрнига энергетика объектларига зарбалар бериш, қишни оғир ўтказишга мажбур қилиш ва Украина мудофаа салоҳиятини пасайтиришга ҳаракат қилиш мумкин.
Лекин унгача бўлган даврда катта ҳарбий операция ўтказишга уриниш эҳтимоли мавжуд.
Яна бир нарсага эътибор қаратиш керак: Россиядан уруш ёшидаги инсонларнинг чиқиб кетиш жараёни ҳам кучайган. Шунинг учун назорат кучайтирилаётгани ҳақидаги маълумотлар бежизга чиқмаяпти.
Урушнинг дастлабки даврида кўплаб «релокантлар» деб аталадиган шахслар Россияни тарк этди. Улар ўзларини меҳнат муҳожири деб атамайди, балки бошқа ҳудудга бориб, ўз меҳнат фаолиятини давом эттирувчи шахслар сифатида кўради.
Уларнинг аксарияти қора меҳнат билан шуғулланувчи эмас, балки ақлий меҳнат қиладиган инсонлар эди.
Кўпчилиги Қозоғистон, Грузия, МДҲ мамлакатлари ва Европага чиқиб кетди.
Агар шу мантиқ билан қарайдиган бўлсак, яна бир тўлқин — урушни ич-ичидан қўллаб-қувватламайдиган, асосан шаҳарларда истиқомат қиладиган, ақлий меҳнат билан шуғулланувчи ёки тадбиркорлик фаолиятини масофадан туриб амалга ошириш имкониятига эга бўлган инсонларнинг мамлакатни тарк этиши эҳтимоли бор.
Агар чақирув ёшидаги инсонлар мамлакатдан чиқиб кетса, мобилизация жараёни қийинлашади.
Шунинг учун катта эҳтимол билан Россия уларнинг хорижга чиқишини чеклашга ҳаракат қилади.
Ҳатто хорижга чиқиш рухсатномаларини бекор қилиш, чегараларни вақтинча ёпиш ёки автомобилларнинг мамлакатдан чиқишини чеклаш каби чоралар кўрилиши мумкинлиги ҳақида маълумотлар чиқмоқда.
Мухтор Назиров: Кўпчилик Россияни бутунлай тарк этиш ниятида эмас. Улар вақтинча чиқиб, мобилизация тугаганидан ёки вазият тинчиганидан кейин қайтишни режалаштиради. Айримлари эса уруш тугагунча қайтмасликни ўйлайди.
Лекин кўпчилик ана шундай ният билан Россияга қайтганида яна қўлга олиниб, мобилизация қилингани ёки уларга нисбатан қамоқ жазоси ва ҳарбий хизматга юбориш каби чоралар қўллангани кузатилган.
Шунинг учун ҳам Россияда ички норозилик кайфияти мавжуд.
Буни нимадан билиш мумкин? Урушнинг 2022 йилдаги дастлабки даври билан ҳозирги ҳолатни таққослайдиган бўлсангиз, буни ижтимоий тармоқларда ҳам кўриш мумкин.
Урушни қўллаб-қувватлаш даражаси пасайган.
Албатта, “охиригача курашамиз”, “Россия империячилик кайфиятини қўллаб-қувватлаймиз”, “Россия ҳеч қачон енгилмаган ва ҳеч қачон енгилмайди” деб ҳисоблайдиган инсонлар ҳам бор.
Лекин катта қисми, назаримда, уруш тезроқ якунланишини ва у билан боғлиқ ижтимоий-иқтисодий муаммолар тезроқ бартараф этилиб, урушдан олдинги нормал ҳаётга қайтишни истайди.
Бундай инсонлар ўзи хоҳламаган урушда қатнашишни истамаса, ягона ечим сифатида вақтинча бўлса ҳам Россияни тарк этишни кўриши мумкин.
Журналист: Бундай ҳолатда сайловлар ҳам ўтказилмоқда. Сайловдан кейин унинг натижаси Россия сиёсий элитаси хоҳлаётган кўринишда бўлиши керак.
Шунинг учун ҳозирги сиёсий жараёнларда ҳам Россия ўз тактикасини фаол тарғиб қилмоқда. Масалан, Сибир, Узоқ Шарқ, Курил ороллари ва бошқа ҳудудларга бориб, аҳоли билан учрашувлар ўтказилмоқда.
Мухтор Назиров: Путиннинг ўзи сиёсий имижини яхшилашга ҳаракат қилмоқда. Унинг сиёсий обрўси маълум даражада пасайган. Энди имижини тиклаш учун аҳоли орасига кириб, ўзини эркинроқ тутишга ҳаракат қилмоқда.
Журналист: Шундай. Путиннинг имижи Россиядаги сиёсий партияларнинг имижи билан ҳам боғлиқ. Сиёсий партиялар ранг-баранг бўлсада, уларнинг Украинадаги уруш бўйича позицияси деярли бир хил.
Мухтор Назиров: Мухолиф ёки муқобил фикрлар деярли кузатилмаяпти.
Шунинг учун ҳам, назаримда, Путин сиёсий партияларнинг имижини ҳам ҳисобга олган ҳолда ҳудудларда учрашувлар ўтказяпти. У ҳарбийлар, фуқаролар ва турли қатлам вакиллари билан учрашмоқда.
Буларнинг барчаси сайлов арафасида Россияда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш жараёнлари назорат остида эканини, жиддий муаммолар йўқлигини ва Россия иқтисодиёти ривожланаётганини кўрсатишга қаратилган.
Ҳозирги ноқулайликлар, масалан, дронларнинг учиши ёки айрим ҳудудларга зарбалар берилиши, Новороссийск портига зарба берилиши ва унинг фаолиятига зарар етиши каби ҳолатлар вақтинчалик экани, вазият тўлиқ назорат остида экани ҳақидаги тасаввурни шакллантиришга ҳаракат қилинмоқда.
Бундан мақсад одамларнинг сиёсий жараёнларга бўлган ишончини ва Россиянинг бу вазиятдан чиқиб кета олиш қобилиятига ишончини сақлаб қолишдир.
Аввалгидек марказий телеканаллардаги пропагандистик дастурларнинг ўзи етарли бўлмай қолди.
Чунки кўпчилик бу дастурлар бошиданоқ пропагандистик эканини, одамларни чалғитиш ёки урушдаги ғалаба ҳақидаги тасаввурни шакллантириш учун тайёрланишини тушуниб қолди.
Уларнинг холислик даражаси анча паст эканини ҳам одамлар англаб етди.
Шунинг учун ҳам, назаримда, Россия президенти ҳозирги вазиятни ўнглаш ва аҳолининг ишончини мустаҳкамлаш учун фаол ҳаракат қилаётгандек таассурот уйғотмоқда.
Журналист: Саволларим ўз ниҳоясига етди. Вақт ажратганингиз учун раҳмат, Мухтор ака.








