Ливан жанубида бир ҳафта ичида 1030 та снаряд учирилди — UNIFIL
Отишмалар оқибатида тинч аҳоли зарар кўргани, уйлар ва муҳим инфратузилма объектлари шикастлангани қайд этилган.

БМТнинг Ливандаги Муваққат кучлари (UNIFIL) Ливан жанубидаги вазият ҳамон беқарорлигича қолаётганидан огоҳлантирди. Бу ҳақда "Anadolu" агентлиги хабар берди.
UNIFIL маълумотларига кўра, 21–27 август кунлари ҳудудда жами 1 030 та снаряд учирилиши траекторияси қайд этилган. Бу кунига ўртача 147 та снарядни ташкил этади.
Ташкилот зўравонлик даражаси йил бошидаги даврга нисбатан пасайган бўлса-да, жанубий Ливандаги вазиятнинг ҳануз заиф ва беқарор эканини таъкидлади.
“Бу рақамлар ортида тинч аҳолига етказилаётган давомли зарар турибди: уйлар ва муҳим инфратузилма объектларига шикаст етган, одамлар одатий ҳаётни тиклаш учун курашмоқда”, — дейилади UNIFIL баёнотида.
Тинчликпарвар кучлар вазиятни кузатишда давом этаётгани ва кескинликнинг янада кучайишига йўл қўймаслик учун томонлар билан ҳамкорлик қилаётганини билдирди.








