Суюлтирилган газ таъминоти тизими ислоҳ қилинади
Янги тизимда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга газ хариди учун компенсация тўлаш, етказиб беришни рақамлаштириш ва тақсимотда шаффофликни ошириш режалаштирилган.

Президент Шавкат Мирзиёевга аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш тизимини ислоҳ қилиш бўйича таклифлар тақдим этилди.
Тақдимотда суюлтирилган газ ресурслари ва тақсимоти, амалдаги етказиб бериш тизими, нарх шаклланиши, субсидиялар ҳамда уларнинг аҳолига таъсири таҳлил қилинди.
Бугунги кунда мамлакатда қарийб 3,8 миллион аҳоли ва 2 мингга яқин ижтимоий соҳа объекти суюлтирилган газдан фойдаланади. Жорий йилда уларнинг эҳтиёжлари учун 604,8 минг тонна суюлтирилган газ етказиб бериш режалаштирилган.
Шу билан бирга, амалдаги тизимда айрим муаммолар сақланиб қолаётгани қайд этилди. Хусусан, айрим ҳудудларда газ белгиланган муддатларда етказиб берилмаяпти. Натижада фуқаролар қўшимча эҳтиёжини бозор нархларида харид қилишга мажбур бўлмоқда. Таҳлилларга кўра, суюлтирилган газни 46 кундан ортиқ кутаётган истеъмолчилар улуши 22 фоизни ташкил этади.
Давлат раҳбари тизимни такомиллаштиришда, энг аввало, аҳоли манфаатларини таъминлаш, газни ўз вақтида етказиб бериш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни манзилли қўллаб-қувватлаш зарурлигини таъкидлади.
Шу мақсадда суюлтирилган газ таъминотини босқичма-босқич ислоҳ қилиш таклиф қилинмоқда. Жумладан, «Ҳудудгазтаъминот» таъсисчилигида «LPG-Tradeе» МЧЖни ташкил этиш ва унга суюлтирилган газни биржа орқали харид қилиш ҳамда истеъмолчиларга етказиб бериш вазифасини юклаш кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларга харид қилинган суюлтирилган газнинг ҳар бир килограмми учун компенсация тўлаш механизми жорий этилиши таклиф қилинмоқда. Бу орқали умумий субсидиялардан босқичма-босқич воз кечиб, давлат маблағларини бевосита эҳтиёжманд оилаларга йўналтириш назарда тутилмоқда.
Ижтимоий соҳа объектларига суюлтирилган газни биржа нархларида етказиб бериш ва аҳолига белгиланган нархда сотишдан юзага келадиган тафовутни республика бюджети ҳисобидан қоплаш тартиби ҳам таклиф этилмоқда.
Тизимда хусусий сектор иштирокини кенгайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Андижон вилоятида суюлтирилган газ етказиб беришга хусусий операторларни жалб этиш бўйича пилот лойиҳа амалга оширилади. Келгусида ушбу тажрибани бошқа ҳудудларда ҳам босқичма-босқич жорий этиш имконияти кўриб чиқилади.
Президент мутасаддиларга суюлтирилган газ етказиб бериш графигини қатъий йўлга қўйиш, ҳисоб-китобларни рақамлаштириш, тақсимотда шаффофликни таъминлаш, сунъий тақчиллик ва асоссиз нарх ошишининг олдини олиш бўйича топшириқлар берди.
Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга компенсацияларни ўз вақтида тўлаш, газни сақлаш ва ташиш жараёнларида хавфсизлик талабларига риоя этиш ҳамда хусусий операторлар фаолияти устидан самарали назорат ўрнатиш вазифалари белгиланди.
Ислоҳотлар натижасида суюлтирилган газ таъминотида шаффоф ва барқарор тизимни шакллантириш, етказиб бериш муддатларини қисқартириш, хизмат сифатини ошириш ва бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш кўзда тутилмоқда.
Тақдимот давомида Жиззах вилоятида барпо этилаётган интеграциялашган атом электр станциясининг ташқи инфратузилмаси ҳамда унга ёндош шаҳарча қурилиши бўйича 2 сентябрь куни берилган қўшимча топшириқлар ижроси юзасидан ҳам ахборот берилди.








