Чопонлар орасига яширилган гашиш: Афғонистон фуқароси қўлга олинди
Андижон ва Сурхондарё вилоятларида йирик миқдордаги гиёҳвандлик моддалари савдосига чек қўйилди.

“Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор-профилактик тадбири доирасида Андижон ва Сурхондарё вилоятларида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши тезкор тадбирлар ўтказилди.
Хусусан, ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари Ички ишлар ва Божхона органлари билан ҳамкорликда Андижон вилоятининг Пахтаобод туманида яшовчи, 1986 йилда туғилган, аввал ҳам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган шахснинг уйини кўздан кечирган.
Натижада хонадондан 1 кг 157 гр «гашиш» моддаси ҳамда 1 946 дона «Регапен» кучли таъсир қилувчи дори воситаси топилган. Шунингдек, тезкор тадбир давомида ушбу шахсдан «Регапен» сотиб олмоқчи бўлган 2001 йилда туғилган фуқаро ҳам ушланган. Унинг ёнидан 1,5 гр «гашиш» ва 2 дона «Регапен» дори воситаси олинган.
Сурхондарё вилоятида эса ДХХ бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбири давомида катта миқдордаги гиёҳвандлик воситаси савдосига чек қўйилди.
Маълум қилинишича, Термиз халқаро савдо марказида кузатувга олинган 1986 йилда туғилган Афғонистон фуқароси чопонлар орасига яшириб, Ўзбекистонга контрабанда йўли билан олиб кирган 6 кг 342 гр «гашиш» моддасини 15 минг АҚШ долларига сотаётган вақтида қўлга олинган. Тадбир Ички ишлар ва Божхона органлари билан ҳамкорликда ўтказилган.
Ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган. Андижондаги ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 273-моддаси 6-қисми «а» банди, Сурхондарёдаги ҳолат бўйича эса 246-модданинг 2-қисми ҳамда 273-модданинг 6-қисми «а» банди билан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.








