Фарғонада икки аёлни Москвага фоҳишалик учун юбормоқчи бўлган шахс ушланди
У аёлларга авиачипталарни ўз ҳисобидан олиб беришини айтиб, кейинчалик уларнинг даромадининг ярмини олишни режалаштирган.

Фарғона шаҳрида яшовчи, 1999 йилда туғилган, муқаддам судланган фуқаро икки нафар аёлни Россия Федерациясининг Москва шаҳрида фоҳишалик билан шуғулланиш орқали даромад топишга жалб қилмоқчи бўлгани аниқланди. Бу ҳақда ДХХ хабар берди.
Маълум қилинишича, у аёлларга авиачипталарни ўз ҳисобидан олиб беришини билдирган. Шунингдек, Москва шаҳрига етиб борганларидан сўнг ишлаб топадиган даромадларининг ярмини унга беришларини талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида мазкур шахс аёлларни Москва шаҳрига юбораётган вақтда Фарғона халқаро аэропортида тўхтатилган.
Натижада аёлларни ноқонуний фаолиятга жалб этиш ва хорижга юбориш билан боғлиқ ҳаракатларга чек қўйилган.
Ҳолат юзасидан мазкур шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.








