Жаҳон

Исроил Ҳизбуллоҳ базасини портлатди: портлаш 4,1 магнитудали зилзилага сабаб бўлди

2 километрдан ортиқ узунликдаги иккита туннелни йўқ қилиш учун 1 минг тоннадан ортиқ портловчи модда ишлатилган.

Исроил Ҳизбуллоҳ базасини портлатди: портлаш 4,1 магнитудали зилзилага сабаб бўлди

Исроил ҳарбийлари Ливаннинг жанубида Ҳизбуллоҳ томонидан фойдаланилган йирик ерости мажмуаси йўқ қилинганини маълум қилди.

 

Исроил томони мажмуани йўқ қилиш учун 1 минг тоннадан ортиқ портловчи модда ишлатилганини айтди. Портлаш Али Тоҳир тизмаси остидан ўтган, умумий узунлиги 2 километрдан ортиқ бўлган иккита туннелни вайрон қилган.

 

АҚШ Геология хизмати маълумотларига кўра, портлаш магнитудаси 4,1 балли зилзилага тенг сейсмик фаолликни юзага келтирган. Ҳизбуллоҳ ёки Ливан ҳукуматидан ҳозирча ҳодиса юзасидан расмий муносабат билдирилмаган.

 

Исроил кучлари бир неча ой давом этган жанглардан сўнг ўтган ҳафта Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган гуруҳ назоратидаги тизма устидан назоратни ўрнатган. Исроил ҳарбийлари март ойида Ҳизбуллоҳ билан можаро қайта бошланганидан кейин эгалланган Ливан жанубининг катта қисмини ҳамон назорат қилмоқда.

 

Исроил Мудофаа кучлари (IDF) эълон қилган суратларда осмонни ёритган улкан олов шарини кўриш мумкин.

 

“Осмон ёришди ва тахминан 15 сониядан кейин даҳшатли овозни эшитдик”, — деди тизма ҳудудидан тахминан 6 километр ғарбда жойлашган Набатия шаҳрида яшовчи Аҳамед BBC телеканалига. “Уй худди зилзила бўлгандек бутунлай силкинди”, — деди у.

 

Унинг айтишича, одамлар қичқирган, болалар йиғлаган, автомобиллар эса йўлларни тўлдириб, одамлар ҳудудни тарк этиб Байрут томон йўл олган. Зилзила тебранишлари шимолдан 40 километр узоқликдаги соҳилбўйи Сайда шаҳрида ҳам сезилган.

 

IDF маълумотларига кўра, ерости инфратузилмаси Ҳизбуллоҳнинг “Бадр” бўлинмаси томонидан фойдаланилган қўмондонлик марказини ўз ичига олган. Мажмуада ўнлаб ракета, снаряд ва учувчисиз учиш аппаратлари, шунингдек, танкка қарши қуроллар, миналар ва портловчи моддалар сақланган.

 

“Бу йигирма йилдан ортиқ вақт давомида қурилган, Эрон террор режими томонидан молиялаштирилган ва режалаштирилган стратегик инфратузилма эди”, — дейилади IDF'нинг Теlegram'даги баёнотида.

 

IDF маълумотига кўра, мажмуа ичида бўлган барча жангарилар йўқ қилинган ёки ҳудудни тарк этган.

 

Исроил ҳарбийлари мажмуанинг йўқ қилиниши ҳудуддаги саккизта туннелни тугатиш ва “хавфсизлик зонаси” ташкил этиш бўйича миссия якунланганини билдирган.

 

Сўнгги операция Ливан жанубида жанглар қайта кучайган бир пайтда амалга оширилди. Исроил кучлари Ҳизбуллоҳ позицияларига қарши амалиётларни кенгайтирган ва чегара яқинида Исроил “хавфсизлик зонаси” деб атаётган ҳудудни назорат қилишда давом этмоқда.

 

Ливан ОАВлари пайшанба куни мамлакат жанубининг бошқа ҳудудларига ҳам янги Исроил зарбалари берилгани ҳақида хабар берди. Жумладан, Набатия ал-Фавқа ва Тир округидаги Мансурий шаҳарчаларига зарбалар берилгани қайд этилди.

 

Ливан армияси Исроил назорат қилмайдиган ҳудудларда, жумладан, жанубдаги Набатия шаҳрида ўз кучларини кўпайтирди. Маҳаллий "МТV" телеканали хабарига кўра, бу чоралар барқарорликни мустаҳкамлаш ва аҳолига хавфсизликни таъминлашга қаратилган.

 

Ливан 2 март куни Исроил, АҚШ ва Эрон ўртасидаги урушга тортилди. Ўша куни Ҳизбуллоҳ Эрон олий раҳбарини ўлдирган зарбага жавобан Исроил ҳудудига ракеталар учирган.

 

Бунга жавобан Исроил Ливан бўйлаб бомбардимон кампаниясини бошлади ва мамлакат жанубининг катта қисмига бостириб кирди. Исроил кучлари ҳозир ҳам Ливан ҳудудининг қарийб 5 фоизини назорат қилмоқда.

 

Июнь ойида Эрон ва АҚШ ўртасида сулҳ битими тузилиши ҳамда Ливан ва Исроил ўртасида алоҳида келишувга эришилиши ортидан жанглар камайди.

 

БМТ маълумотига кўра, Ливанда қарийб 330 минг киши можаро сабаб ўз уйларини тарк этган. Исроил ҳарбийларининг фаолияти, ҳаво ҳужумлари, вайронагарчиликлар ва Исроил босиб олган ҳудудларга қайтишдаги чекловлар сабаб кўплаб одамлар уйларига қайта олмаяпти.

 

Ливан ва Исроил ўртасидаги келишув доирасида Ҳизбуллоҳ қуролсизланиши, Исроил кучлари Ливаннинг жанубидан босқичма-босқич чиқиб кетиши ва Ливан армияси ҳудуд бўйлаб жойлаштирилиши кутилмоқда.

 

Ҳизбуллоҳ келишувда бевосита иштирок этмаган ва тўғридан-тўғри музокараларни рад этган. Жанглар камайганига қарамай, Ливан жанубида Исроилнинг зарбалари ва вайрон қилиш ишлари давом этмоқда.

 

Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 2 мартдан бери Исроил ҳужумлари оқибатида камида 4 383 киши, жумладан, 395 аёл ва 259 бола ҳалок бўлган. Вазирлик маълумотларида ҳалок бўлганлар орасидаги жангарилар ва тинч аҳоли алоҳида ажратилмаган. Вазирликнинг билдиришича, шу ҳафтанинг ўзида камида 29 киши ҳалок бўлган.

 

Исроил расмийлари айни даврда 40 нафар исроиллик ҳарбий ва 4 нафар фуқаро ҳалок бўлганини маълум қилган.

Иорданияда черковга қилинган ҳужум: уч нафар эркак ўлим жазосига ҳукм қилинди

Иорданияда черковга қилинган ҳужум: уч нафар эркак ўлим жазосига ҳукм қилинди

Ҳужум 23 октябрь куни юнон православ черковида дафн маросими вақтида содир бўлганди.

Ҳиндистон–Хитой зиддияти: Деҳли тоғли ҳудудларда жанговар тайёргарликни кучайтирмоқда

Ҳиндистон–Хитой зиддияти: Деҳли тоғли ҳудудларда жанговар тайёргарликни кучайтирмоқда

Ҳиндистон–Тибет чегара полицияси таркибидаги махсус бўлинмалар яқин масофадаги жанглар, тоғли ҳудудларда ҳаракатланиш ва дронлардан фойдаланиш бўйича тайёргарликдан ўтказилмоқда.

Meta қарийб 900 млн доллар жаримага тортилди: компания фойдаланувчиларнинг шахсий фото ва видеоларига розиликсиз кирган

Meta қарийб 900 млн доллар жаримага тортилди: компания фойдаланувчиларнинг шахсий фото ва видеоларига розиликсиз кирган

Meta қарор устидан шикоят қилишини билдирди.

Жанубий Кореяда ўзбекистонлик талаба қамалди: у террорчилик гуруҳини молиялаштиришда айбланди

Жанубий Кореяда ўзбекистонлик талаба қамалди: у террорчилик гуруҳини молиялаштиришда айбланди

У Суриядаги террорчилик ташкилоти аъзосига олти марта пул ўтказган.

Руандада депортация маркази: Германия ва яна тўрт давлат келишувга тайёрланмоқда

Руандада депортация маркази: Германия ва яна тўрт давлат келишувга тайёрланмоқда

Ташаббус инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг танқидига сабаб бўлмоқда.

Россия нефть экспортига зарба: Украина Самара вилоятидаги станцияни нишонга олди

Россия нефть экспортига зарба: Украина Самара вилоятидаги станцияни нишонга олди

Украина ҳарбийлари ушбу объектни Россиянинг урушни молиялаштираётган нефть саноати учун муҳим инфратузилма деб атаган.

Украина жанг майдонида роботлардан фойдаланмоқда: улар ҳужум ва эвакуацияга жалб этилмоқда

Украина жанг майдонида роботлардан фойдаланмоқда: улар ҳужум ва эвакуацияга жалб этилмоқда

Бундай қурилмалар нафақат ҳарбий юкларни ташиш ва эвакуация, балки гранатомёт ҳамда танкка қарши қуроллар ёрдамида ҳужум операцияларига ҳам жалб этилмоқда.

Теlegram'даги заифликлар бўйича баҳс: Дуров хакерларни ўз аккаунтини бузишга чақирди

Теlegram'даги заифликлар бўйича баҳс: Дуров хакерларни ўз аккаунтини бузишга чақирди

У шунчаки хабар олиш орқали профилни эгаллаб олиш мумкинлиги ҳақидаги даъволарни рад этди.