Москвадаги нефтни қайта ишлаш заводига зарба берилди: қурбонлар бор
Москва мэри ҳужумлар парламент сайловларини издан чиқаришга қаратилганини айтди.

Украинанинг Москва вилоятига уюштирган йирик дрон ҳужумлари оқибатида икки киши ҳалок бўлди. Москвадаги нефтни қайта ишлаш заводи ҳам дронлар нишонига айланган. Бу ҳақда Россия расмийларига таяниб, Reuters хабар берди.
Москва мэри Сергей Собяниннинг айтишича, шанба кунидан буён Россия ҳудудида 1600 дан ортиқ дрон уриб туширилган. Шундан 450 таси Москва томон йўналган.
Унинг сўзларига кўра, бир нечта дрон нефтни қайта ишлаш заводи ҳудудига етиб келган, улардан бири турар жой биносига урилган. Москвада қурбонлар йўқлиги айтилмоқда.
Reuters мухбирлари Москва шаҳрида портлашлар овозини эшитган ва нефтни қайта ишлаш заводи ҳудудидан тутун кўтарилганини кўрган. Заводга етказилган зарарнинг кўлами ҳозирча маълум эмас.
Москва вилоятининг Раменское туманида 21 қаватли турар жой биносидан 400 киши, жумладан, 70 нафар бола эвакуация қилинган. Бир қатор уйлар зарар кўрган.
Украина ҳужумлар юзасидан ҳозирча изоҳ бермаган. Россия ва Украина томони тинч аҳолини нишонга олмаслигини таъкидлаб келади.
Ҳужумлар Россияда парламент сайловларининг сўнгги кунида содир бўлган. Москва мэри Сергей Собянин ҳужум сайловларни издан чиқариш мақсадида режалаштирилганини айтди. Бироқ бу баёнот Украина томонидан тасдиқланмаган.
Маълумотларга кўра, Москва нефтни қайта ишлаш заводи 2024 йилда 11,6 млн тонна нефтни қайта ишлаган. Ундан 2,9 млн тонна бензин ва 3,2 млн тонна дизель ёқилғиси ишлаб чиқарилган.








