ЕИ 2027 йил охиригача Россия газидан тўлиқ воз кечади — Фон дер Ляйен
Россия газининг ЕИ импортидаги улуши аллақачон 45 фоиздан 12 фоизгача қисқарган.

Европа Иттифоқи 2027 йил охиригача Россия газининг импортини тўлиқ тўхтатишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен 6 октябрь куни Европарламентдаги нутқида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Россия газининг ЕИ импортидаги улуши сўнгги тўрт йил ичида 45 фоиздан 12 фоизгача камайган. Фон дер Ляйен келгуси йил охиригача бу кўрсаткич нолга туширилишини таъкидлади.
Еврокомиссия раҳбари Россия газидан воз кечиш Европадаги энергетик инқироз ва энергия нархларининг юқорилигига қарамай амалга оширилишини билдирди. Унинг қайд этишича, февраль охиридан буён газ нархлари 140 фоизга, дизель ёқилғиси нархи эса икки бараварга ошган.
Фон дер Ляйеннинг таъкидлашича, Европа Иттифоқи газ таъминоти манбаларини диверсификация қилган ва тоза энергетикага инвестицияларни тезлаштирган.
Аввалроқ «Европейская правда» Европа 2026 йилнинг дастлабки саккиз ойида Россиянинг Арктикадаги газига 7,3 миллиард евро сарфлагани ҳақида хабар берган эди. Бу 2025 йил давомида сарфланган маблағдан кўпроқ.
2027 йил 1 январдан Европа Иттифоқига Россия суюлтирилган табиий газини (СТГ) импорт қилишга тўлиқ тақиқ кучга кириши кутилмоқда. Шу билан бирга, эски шартномалар асосида газни учинчи мамлакатларга етказиб бериш бўйича айрим вақтинчалик истиснолар сақлаб қолинган.







